Митти ҳикоялар:Ният, орзу ва армон
Урф-одат
Тўй дабдабали ўтди. Келинчак бундай бахтни хаёлига ҳам келтирмаганди. Ҳайҳотдек ҳовли жой, кўп қаватли данғиллама уй, қўша-қўша машиналар...
Энди тўйдан кейин охирги урф-одатларни ўтказишаётганди. Қимматбаҳо зеб-зийнатларга бурканган бахтиёр келинчак келин саломни тугатди. Уй хизматчисининг эса жавобини бериб юборишди...
Орзу ва армон
Болакай қимматбаҳо машина ойнасидан тенгдошига пул узатди.
“Бой экан. Машинасида ҳар куни сайр қилса керак!” – ҳавас билан тикилди унга тиланчи болакай.
“Ҳар куни кўчаларда югурса керак!” – дея армон билан тенгдошининг оёқларига қаради машинадаги болакай.
Ният
– Ерингнинг икки метри меники! – деди қўшним чегараларимиз орасини чамалар экан, – девор урмай тур!
Қўлидаги кетмонини ерга санчди, – Ўзим ҳали белгилаб бераман!
– Хўп, ака! – дедим кўзларидаги ҳиссизликка ҳайрат билан қараб.
Унинг кўзларини шу заҳоти зафар учқунлари эгаллади.
– Шундоқ бўлсин! Бир ҳафталарда қайтаман!
Бир ҳафтадан кейин ўзи истагандек икки қулоч ерга эга бўлди. Фақат, менинг ҳовлимдан эмас.
Мастура Абдураимова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter