Ўзбекистон: аҳоли, уй-жой ва қишлоқ хўжалиги бўйича янги рақамлар
2026 йилги аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари Ўзбекистоннинг демографик ва аграр қиёфасига оид қатор қизиқарли маълумотларни очиб берди. Мамлакат аҳолиси 39 миллиондан ошган, шаҳар аҳолиси қишлоқ аҳолисидан кўпайган, қишлоқ хўжалигида эса аввалги расмий статистикада акс этмаган қарийб 1 миллион гектар ер аниқланган.
2026 йил 15 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 миллион 47 минг 321 нафарни ташкил этган.
Шундан:
- эркаклар — 19 766 166 нафар ёки 50,6 фоиз;
- аёллар — 19 281 155 нафар ёки 49,4 фоиз.
Аҳолининг 21 276 729 нафари — 54,5 фоизи шаҳарларда, 17 770 592 нафари ёки 45,5 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри аҳолиси тўлиқ шаҳар аҳолиси ҳисобланади. Шаҳар аҳолиси улуши Наманган вилоятида 66,2 фоиз, Навоий вилоятида 59,3 фоиз, Тошкент вилоятида 58,7 фоизни ташкил этган. Самарқанд вилоятида эса шаҳар аҳолиси улуши 39,9 фоиз, Хоразм вилоятида 38,1 фоиз бўлган.
Рўйхатга олишнинг дастлабки маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг миллий таркибида:
- ўзбеклар — 89,4 фоиз;
- тожиклар — 3,3 фоиз;
- қорақалпоқлар — 2,2 фоиз;
- қозоқлар — 1,8 фоиз;
- руслар — 1,6 фоиз;
- қирғизлар — 0,6 фоиз;
- туркманлар — 0,5 фоизни ташкил этган.
Тил хусусиятлари бўйича эса аҳолининг 91,3 фоизи ўзбек тили, 2,3 фоизи қорақалпоқ тили, 2,2 фоизи тожик тили, 2 фоизи рус тили, 1,4 фоизи қозоқ тили ҳиссасига тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида аҳолининг медиан ёши энг паст кўрсаткич Фарғона вилоятида — 26,7 ёш бўлган. Кейинги ўринларда Навоий вилояти — 27 ёш ва Андижон вилояти — 27,1 ёш қайд этилган.
Медиан ёш энг юқори ҳудудлар:
- Тошкент шаҳри — 30,9 ёш;
- Самарқанд вилояти — 30,2 ёш;
- Бухоро вилояти — 30,1 ёш.
Рўйхат натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг 99,5 фоизи Ўзбекистонда туғилган.
Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи 3,225 миллион аҳолининг 81,5 фоизи пойтахтнинг ўзида туғилган. Қолган 18,5 фоизи Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ёки хорижда туғилган.
Тошкент вилоятида эса 3,763 миллион аҳолининг 90,9 фоизи шу вилоятда, 9,1 фоизи бошқа ҳудудлар ёки хорижда туғилган.
Уй-жой шароитлари бўйича аҳолининг асосий қисми — 85,3 фоизи якка тартибдаги турар-жой уйларида истиқомат қилади.
Кўп квартирали уйларда яшовчилар улуши — 12,4 фоиз, дала ҳовлиларда — 1 фоиз, бошқа турдаги турар-жойларда эса 1,4 фоизни ташкил этган.
Кўп қаватли уйларда яшовчилар улуши энг юқори Тошкент шаҳрида — 51,3 фоиз. Навоий вилоятида бу кўрсаткич 25,4 фоиз, Тошкент вилоятида 18,7 фоизни ташкил этган.
Қишлоқ хўжалигида жами 1,03 миллион нафар ходим меҳнат қилади.
Уларнинг:
- 629,3 минг нафари — доимий ходимлар;
- 400 минг нафари — вақтинчалик ходимлар.
Энг эътиборли натижалардан бири — қишлоқ хўжалигида аввалги расмий статистик маълумотларда қайд этилмаган 985,4 минг гектар қўшимча ер ресурси аниқлангани бўлди.
Умуман, 2026 йилги рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари Ўзбекистоннинг нафақат демографик ҳолати, балки уй-жой шароитлари, меҳнат ресурслари, ер ва сув захиралари ҳамда чорвачилик таркиби ҳақида ҳам анча батафсил тасаввур бермоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter