Кунига 10 доллар даромад — инсоният учун улкан тарихий ютуқ
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2028 йилга бориб тарихда илк бор Ер юзидаги медиан (ўртача таъминланган) аҳолининг кунлик даромади 10 доллардан ошади (инфляция ва харид қобилияти паритети ҳисобга олинган).
Охирги ўн йил ичида дунёда шундай даромадга эга бўлганлар улуши сезиларли даражада кенгайди: 2016 йилдаги 41,3 фоиздан (3,11 миллиард киши) 2026 йилда 48,7 фоизга (4,03 миллиард кишига) етди. Аниқ рақамлар билан айтганда, қарийб 900 миллион инсон қашшоқлик исканжасидан қутулди. Яъни ҳар йили ўртача 90 миллион киши қашшоқлар сафини тарк этмоқда — бу Туркиянинг жами аҳолисидан ҳам кўпдир.

Дунё қашшоқлик пирамидасининг энг қуйи қисмида ҳам, юқори демографик юкламага қарамасдан, ижобий динамика кузатилмоқда. 2016 йилда сайёрамиз аҳолисининг 12,6 фоизи (947 миллион киши) кунига 3 доллардан кам маблағ билан кун кечирган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 10 фоизгача (826 миллион киши) камайди. Учинчи дунё мамлакатларида туғилиш даражасининг муқаррар пасайиши билан бу кўрсаткич қисқариши янада тезлашади.
Кунига 10 доллар даромад — жуда оз туюлиши мумкин, лекин инсоният тарихи учун бу улкан ютуқдир. Тасаввур қилиш учун: 1990 йилда дунёда атиги 1,42 миллиард инсон бундан яхшироқ шароитда кун кечирган, қарийб 2,20 миллиард киши эса кунига 3 доллардан ҳам кам пулга яшашга мажбур бўлган. Бугунги кунда эса замонавий дунё умумий фаровонлик юксалаётган мисли кўрилмаган тарихий даврни бошдан кечирмоқда — бутун инсониятнинг турмуш даражаси глобал миқёсда йил сайин яхшиланиб бормоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter