Ўзбекистон минтақа давлатлари билан коррупцияга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиради

Ўзбекистон делегацияси коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлатлараро кенгаш мажлисида иштирок этди. Йиғилишда долзарб муаммолар, халқаро ташаббуслар ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов бошчилигидаги делегация Арманистон пойтахти Ереванда бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлатлараро кенгашнинг 10-мажлисида иштирок этди.
Ташрифнинг асосий мақсади минтақада коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги долзарб масалалар, ташаббуслар ва стратегик йўналишларни муҳокама қилиш ҳамда амалий ҳамкорликни кучайтириш бўлди.
Йиғилишда делегация раҳбари Ўзбекистон Кенгаш фаолиятида фаол иштирок этишга, орттирилган тажриба билан ўртоқлашиш ва янги қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Мажлисда виртуал валюталарнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, коррупция учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги ва коррупциядан холи бизнес муҳитини яратиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси бир қатор хорижий идоралар билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Жумладан, Арманистон бош прокурори Анна Вардапетян билан бўлиб ўтган мулоқотда икки мамлакат ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Шунингдек, Беларусь Бош прокуратураси билан ҳамкорлик тўғрисида ҳужжат имзоланди.
Маълумот учун, 2025 йил 30 июлдаги ПҚ-240-сон президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистон 2013 йилда Минск шаҳрида имзоланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлатлараро кенгашни тузиш тўғрисидаги битимга расман қўшилган.
Кенгаш аъзолари қаторида Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистоннинг аксилкоррупция идоралари раҳбарлари ҳам бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter