Ўзбекистонда энг кўп пенсионерлар қайси ҳудудларда яшайди?
2026 йил 1 июл ҳолатига Ўзбекистонда пенсионерлар сони 4 361 432 нафарни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 158 897 нафарга ёки 3,8 фоизга кўп. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Йил бошидаги маълумотларга кўра, республика аҳолисининг 11 фоизи пенсия олади.
Маълум қилинишича, ёшга доир пенсия олувчилар сони 139 940 нафарга (4 фоиз), боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи оилалар сони 12 224 тага (4,9 фоиз), ногиронлик пенсияси олувчилар эса 6 733 нафарга (1,4 фоиз) ошган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп пенсионер Фарғона вилоятида қайд этилган бўлиб, уларнинг сони 515 377 нафарни ташкил этади. Бу республикадаги ҳар саккизинчи пенсионер айнан шу вилоятда яшашини англатади.
Шунингдек, Фарғона, Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига мамлакатдаги жами пенсионерларнинг 41 фоизи тўғри келади. Энг кам кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилган бўлиб, бу ерда 111 минг 319 нафар пенсионер мавжуд.
Ногиронлик пенсияси олувчилар улуши энг юқори бўлган ҳудудлар эса Навоий вилояти (18,2 фоиз), Сирдарё вилояти (17,7 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикаси (15,3 фоиз) бўлди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter