Поезд кечикса, пул қайтарилади: компенсация тўлаш тартиби белгиланмоқда
Рақобат қўмитаси сўрови асосида Ўзбекистонда маҳаллий поездлар кечиккан ҳолларда йўловчиларга пуллик компенсация тўлаш тартибини жорий этилмоқда.
Қўмитага кўра, сўнгги вақтларда поездларнинг жадвалдан кечикиши бўйича мурожаатлар сони ортиб бораётгани қайд этилган. Хусусан, 2025 йил давомида Қўмитага ушбу масала юзасидан 51 та мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларда айрим йўналишларда поездлар 40 дақиқадан 1 соатгача кечикиб келаётгани, бу эса йўловчиларнинг шахсий режаларига жиддий таъсир кўрсатаётгани таъкидланган. Шу билан бирга, амалдаги қоидаларда бундай ҳолатлар учун компенсация механизми мавжуд эмаслиги аниқланган.
Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган янги қоидаларга кўра, поезд кечиккан тақдирда йўловчиларга аниқ миқдорда компенсация тўланади. Жумладан, 15 дақиқадан 30 дақиқагача кечиккан ҳолларда чипта қийматининг 15 фоизи, 31–60 дақиқада 25 фоизи қайтарилиши белгиланмоқда.
Агар кечикиш 61 дақиқадан 120 дақиқагача давом этса, йўлкиранинг 50 фоизи, 121 дақиқадан ортиқ ҳолларда эса тўлиқ — 100 фоизи қайтарилиши кўзда тутилган.
Мазкур тартиб ҳозиргача фақат «Афросиёб» поездлари учун амал қилган бўлса, эндиликда у барча маҳаллий оддий ва тез юрар поездларга ҳам татбиқ этилиши режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, Рақобат қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамкорлигида бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter