Тошкентдаги «Янгиобод» бозори янгиланади: унинг ўзига хос муҳити сақлаб қолинади
Тошкентда шаҳар жамоат инфратузилмасини янгилаш, аҳоли учун уни янада очиқ, хавфсиз ва қулай қилиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Шундай объектлардан бири — тошкентликларга яхши таниш бўлган «Янгиобод» бозори. Ушбу бозорни янгилашда унинг одатий қиёфаси ва ўзига хос муҳитини сақлаб қолиш мақсад қилинган.
Шаҳар ҳокимиятининг таъкидлашича, асосий вазифа бозорни бошқа форматга ўтказиш эмас, балки уни бу ерда ишлайдиганлар ва ташриф буюрувчилар учун янада қулай, хавфсиз ва шинам қилишдан иборат.
Янгиланиш доирасида ҳудудни ободонлаштириш, зарур санитария шароитларини яратиш, хавфсизликни таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш, қулай пиёдалар йўлакларини ташкил этиш ҳамда автотураргоҳ масаласини ҳал қилиш кўзда тутилмоқда.
Таъкидланишича, ҳозир «Янгиобод»да фаолият юритаётган сотувчилар ўз савдо ўринларини сақлаб қолади. Бозорнинг анъанавий ихтисослашуви ва энг муҳими, унга хос муҳит ҳам асраб қолинади.
Айни пайтда шаҳар лойиҳачилар билан ҳамкорликда «Янгиобод»ни янгилаш концепциясини ишлаб чиқмоқда. Лойиҳани тайёрлашда бозор фаолияти билан боғлиқ бўлган аҳоли ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш режалаштирилган.
Концепция жамоатчилик муҳокамасига ҳам тақдим этилади. Унда ҳар бир киши таклиф этилаётган ўзгаришлар билан танишиши, ўз фикрини билдириши, саволлар бериши ва таклифлар киритиши мумкин бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter