Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Урганч аэропортида йўловчилар оқими 4 карра ошади

Урганч аэропортида йўловчилар оқими 4 карра ошади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи Урганч халқаро аэропортида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишишдан бошланди. Аэропортда расмий делегацияларга хизмат кўрсатадиган янги терминал барпо этилмоқда.

1960 йилда ишга туширилган аэропортга 1992 йилда халқаро мақом берилган. Бугун у орқали ўнга яқин нуфузли авиакомпания мунтазам қатновларни амалга оширмоқда. Жорий йилда аэропорт томонидан 126 млрд сўмлик хизматлар кўрсатилган бўлиб, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга кўп.

Аэропортни кенгайтириш ва модернизация қилиш учун 264 млн доллар инвестиция йўналтирилган. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиб, хусусий шерик сифатида Жанубий Кореянинг «Incheon International Airport Corporation» компанияси жалб этилган.

Реконструкция натижасида аэропортда «Boeing 747» ва «Airbus A350» каби кенг фюзеляжли самолётларни қабул қилиш имконияти пайдо бўлади. Бу Хоразмга турли қитъалардан тўғридан-тўғри узоқ масофали парвозларни йўлга қўйиш имконини кенгайтиради.

Биринчи босқич доирасида 18 та самолёт тураргоҳи ва янги бурилиш йўлаги қурилади. Шунингдек, замонавий чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес-зал, савдо ва овқатланиш шохобчалари ҳамда кечаю кундуз ишлайдиган тиббиёт пункти ташкил этилади.

Аэропортда дунё брендлари жойлаштирилган «Duty free» зонаси ҳам ишга туширилади. Бу инфратузилма халқаро делегациялар ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган.

Лойиҳа тўлиқ якунлангач, Урганч халқаро аэропортининг йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 нафардан 1 300 нафаргача ошади.

Президент Шавкат Мирзиёев Хива ва Урганч шаҳарлари йирик халқаро саммитлар, дипломатик учрашувлар, иқтисодий ва маданий анжуманлар ўтказиладиган глобал майдонга айланаётганини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг