Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хоразмда сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгайтирилади

Хоразмда сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгайтирилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Урганч туманидаги «Тилло домор» корхонасининг янги ишлаб чиқариш мажмуасида сутни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Корхона сут етиштириш салоҳияти юқори бўлган Хоразмда маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилган лойиҳалардан бири ҳисобланади.

Корхонанинг умумий қиймати 11 млн доллар бўлиб, йилига қарийб 100 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Ишлаб чиқариш мажмуаси Болгариядан келтирилган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган.

Бу ерда пишлоқ, қаймоқ, сметана, творог, қатиқ ва кефир каби 70 дан ортиқ турдаги сут маҳсулотлари тайёрланмоқда. Хомашё ҳар куни 100 дан зиёд фермер хўжалиги ва аҳолидан харид қилинади.

Корхонада ҳозир 120 та иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш мажмуасида 100 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ҳам ўрнатилган.

Келгусида корхонада яна 100 та янги иш ўрни ташкил этиш ва маҳсулот турларини кўпайтириш режалаштирилган. Хомашёнинг аҳоли ва фермерлардан мунтазам харид қилиниши чорвачилик билан шуғулланаётганлар учун барқарор сотув бозорини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Хоразм вилоятида 1 минг 200 га яқин қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда. Бу корхоналарнинг кўпайиши маҳаллий хомашёни саноат усулида қайта ишлаш ва қўшилган қийматни ошириш имконини кенгайтирмоқда.

Президент маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, бундай корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш, маҳсулот турлари ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддиларга тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг