Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хоразмда ёшлар учун Касблар шаҳарчаси ташкил этилди

Хоразмда ёшлар учун Касблар шаҳарчаси ташкил этилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳридаги Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ҳамда унинг ҳудудида ташкил этилган Касблар шаҳарчаси фаолияти билан танишди. Мажмуа меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган.

Техникумни барпо этиш учун давлат бюджетидан 72,4 млрд сўм ажратилган. 5,2 гектар майдонда 1 минг 100 ўринли иккита ўқув биноси, 300 ўринли ётоқхона, спорт зали, 200 ўринли ошхона ва иккита замонавий ўқув устахонаси қурилган.

Бу ерда Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор таълим дастурлари асосида ўқитиш йўлга қўйилган. Дуал таълим орқали назарий билим ишлаб чиқариш амалиёти билан боғланади.

2026–2027 ўқув йили учун 11 та касб йўналиши бўйича 200 нафар иқтидорли ёш имтиҳон асосида саралаб олинган. Таълим жараёни иш берувчилар билан ҳамкорликда ташкил этилиб, битирувчиларни эгаллаган касби бўйича иш билан таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Техникум Хоразмдаги бошқа касбий таълим муассасалари учун ҳам амалий база вазифасини бажаради. Вилоятдаги таълим муассасаларининг қарийб 4 минг 300 нафар ўқувчиси бу ердаги устахона ва лабораторияларда амалиёт ўтайди.

Илғор касбий маҳорат техникумларини Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич ташкил этиш режалаштирилган.

Касблар шаҳарчасида ёшларнинг қизиқиши ва қобилиятини эрта аниқлаш ҳамда уларни муайян касбларга йўналтириш учун шароит яратилган. «Ўзинг ясаб кўр» тамойили асосида ўқувчилар замонавий ускуналарда амалий кўникма ҳосил қилади.

Мажмуада транспорт ва логистика, саноат ва қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги ҳамда «яшил» энергетика каби талаб юқори бўлган йўналишлар қамраб олинган. Президент таълим дастурларини иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириш ва ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг