Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

​«Олтин қалам» танлови Журналистлар уюшмасига қанчага тушди?

​«Олтин қалам» танлови Журналистлар уюшмасига қанчага тушди?

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг навбатдаги конференциясида ташкилотнинг сўнгги беш йиллик молиявий-хўжалик фаолияти атрофлича таҳлил қилинди. Тафтиш комиссияси раиси Чори Латиповнинг маълум қилишича, ҳисобот даврида бюджет маблағларининг сарфланишида ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган ва барча харажатлар белгиланган тартибда, мақсадли амалга оширилган.

Беш йиллик давр мобайнида уюшманинг асосий ҳисоб рақамига жами 27 миллиард 578,9 миллион сўм маблағ келиб тушган бўлиб, унинг сезиларли қисми, яъни 15 миллиард 333,5 миллион сўми солиқ тўловларини қоплашга йўналтирилган. Ташкилотнинг моддий-техник базасини ривожлантириш ва марказий аппарат таъминоти учун 849,5 миллион сўм сарфланган бўлса, асосий воситаларни харид қилишга яна 776,1 миллион сўм ажратилган.

Уюшма бюджетининг энг йирик харажатларидан бири бевосита ижодий лойиҳалар ва танловларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бўлди. Хусусан, соҳанинг энг нуфузли тадбири ҳисобланган “Олтин қалам” миллий мукофоти танлови учун 10 миллиард 233,5 миллион сўм йўналтирилди.

Бундан ташқари, “Энг улуғ, энг азиз” республика танловига 853,9 миллион сўм, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирларига 1 миллиард 191,5 миллион сўм сарфланган. Шунингдек, “Йилнинг энг фаол журналисти” танловига 146,9 миллион сўм ҳамда “Атиргул” танловларига 125,2 миллион сўм маблағ ажратилган.

Ижтимоий лойиҳалар ва соҳавий нашрлар йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Уюшма томонидан “Ўзбекистон журналистлари антологияси” китобини нашрга тайёрлаш учун 585 миллион сўм йўналтирилган.

Фахрий журналистларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг юбилей санасини нишонлаш ва санаторийларда даволанишини ташкил этиш мақсадида 60,8 миллион сўм, “Хотира ва қадрлаш куни” тадбирлари учун 49,4 миллион сўм ҳамда ходимлар ўртасидаги спорт мусобақаларига 34,2 миллион сўм сарфланган.

Ташкилот қошидаги Маҳорат мактабини замонавийлаштириш учун 9,6 миллион сўмлик проектор экрани ва смарт-доска харид қилинган бўлса, бошқа турли тадбирлар ижросига 535,5 миллион сўм йўналтирилган.

Уюшма фаолиятининг молиявий барқарорлигини таъминлашда ташқи манбалар ҳам иштирок этган. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан ажратилган субсидия ҳисобидан 1 миллиард 156,9 миллион сўмлик харажатлар қопланган. Навбатдан ташқари конференцияни ўтказиш ташкилотга 8,3 миллион сўмга тушган.

Шу билан бирга, миллий банкдаги депозит ҳисоб рақамида захира сифатида сақланган 1 миллиард сўм маблағ уюшманинг асосий ҳисоб рақамига муваффақиятли қайтарилган. Натижада, ўтказилган кенг қамровли текширувлар ташкилотнинг молиявий фаолияти бутунлай шаффоф ва амалдаги меъёрий ҳужжатларга мос равишда юритилганини кўрсатди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг