Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи 30 ёшгача экани маълум бўлди
2026 йилги аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 млн 47 минг 321 нафарни ташкил этган.
Жами аҳолининг 19 млн 766 минг 166 нафари эркаклар, 19 млн 281 минг 155 нафари эса аёллар ҳиссасига тўғри келади. Бу умумий аҳоли таркибида эркаклар улуши 50,6 фоиз, аёллар улуши эса 49,4 фоизни ташкил этганини кўрсатади.
Ёш таркиби бўйича энг катта гуруҳ 0–4 ёшдагилар бўлиб, уларнинг сони 4 млн 607 минг 149 нафарга етган. Кейинги ўринларда 5–9 ёш тоифаси — 3 млн 859 минг 606 нафар ва 10–14 ёш тоифаси — 3 млн 406 минг 515 нафар қайд этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 30 ёшгача бўлган аҳоли сони 20 млн 340 минг 585 нафарни ташкил этган. Бу мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпроғини ёшлар ташкил этаётганини англатади.
30–34 ёш тоифасида 3 млн 167 минг 974 нафар, 35–39 ёшда 3 млн 90 минг 226 нафар аҳоли рўйхатга олинган. 40–44 ёш гуруҳида эса 2 млн 687 минг 261 нафар фуқаро истиқомат қилиши қайд этилган.
Ёш ортиб бориши билан аҳоли сони босқичма-босқич камайиб боради. Хусусан, 70–74 ёшдагилар 669 минг 46 нафар, 75–79 ёшдагилар 342 минг 554 нафар, 85 ёш ва ундан катталар эса 168 минг 973 нафарни ташкил этган.
Ёш гуруҳлари кесимида кичик ёшларда эркаклар улуши юқорироқ экани кузатилган. Масалан, 0–4 ёш тоифасида эркаклар улуши 51,7 фоиз, аёллар улуши 48,3 фоизни ташкил этган.
Катта ёш гуруҳларида эса аксинча, аёллар улуши ошиб боради. Масалан, 65–69 ёш тоифасида аёллар улуши 53 фоиз, 75–79 ёшдагилар орасида 54,1 фоиз, 85 ёш ва ундан катталарда эса 51,4 фоизни ташкил этган.
Маълумот учун, БМТнинг «World Population Prospects 2024» маълумотларига кўра, энг ёш аҳолига эга давлатлар қаторида Нигер, Уганда, Чад, Мали ва Сомали етакчилик қилади, бу мамлакатларда 30 ёшгача бўлганлар аҳолининг 70 фоиздан ортиғини ташкил этади. Шунингдек, Ангола, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Нигерия, Афғонистон, Покистон, Ироқ ва Мисрда ҳам 30 ёшгача бўлган аҳоли улуши 50 фоиздан юқори. Бу мазкур мамлакатларда туғилиш даражасининг юқорилиги ва аҳолининг ўртача ёши нисбатан паст экани билан изоҳланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter