Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Блогерлар атайлаб хато қилишмоқда

Блогерлар атайлаб хато қилишмоқда

Ижтимоий тармоқларда кутилмаган бурилиш юз берди. Кеча ҳаммамиз ҳавас қилган идеал кадрлар, мукаммал монтаж, бехато нутқ бугун ўз қадрини йўқотди. Томошабинлар энди бундай кадрларни «вау» деб эмас, сунъий интеллект эмасми, деган шубҳа билан томоша қилмоқда.

Бизнес инсайдерларнинг маълумотиларига кўра, 2026 йилда ажралиб туришнинг энг тўғри йўли — мукаммалликдан воз кечиш. Бу шунчаки тренд эмас, бу — контент оламидаги янги қоида.

Бугунги кунда блогерлар ўз контентларида атайлаб хато ва камчиликларга йўл қўйишмоқда. Кадрлар қийшиқ, гаплар баъзан чалкаш, эмоциялар эса фильтрсиз.

Монтаж гўёки тугалланмагандай кўринади. Бир қарашда кадрлар сифатсиздек туюлади, аммо аслида бу пухта ўйланган стратегия. Чунки сунъий интеллектдан безган томошабин бу кадрда ҳақиқий ҳаётни кўряпти.

Сунъий интеллект ривожланиб бораётган ҳозирги замонда мукаммаллик оддий нарсага айланди. Энди ҳар ким идеал видео ярата олади. Нейротармоқлар овозни ҳам, юзни ҳам, ҳатто ҳиссиётни ҳам кўрсатиб бера оляпти. Шу шароитда эса соддалик энг қиммат ресурсга айланди.

TikTok ва Instagram алгоритмлари ҳам ўзгаряпти. Улар энди фақат чиройли контентни эмас, балки одамни ушлаб қоладиган, изоҳ ёздириб, ҳиссиёт уйғотадиган видеоларнигина топга чиқармоқда. Энг қизиғи бундай натижани айнан оддийгина видеолар беряпти.

Хорижда ҳам «raw content», яъни ишлов берилмаган контент трендга айланди. Камера титрайди, фонда шовқин бор, блогер ҳам баъзан гапида адашади. Лекин айнан шу деталлар видеога ўзгача руҳ беради. Томошабин ўзини экран ортида эмас, гўёки воқеанинг ичида ҳис қилади.

Бу ҳолатнинг психологик сабаби ҳам бор. Одамлар идеал ҳаёт тасвиридан чарчади. Доимий мукаммаллик босим беради, ўзини таққослашга мажбур қилади. Ҳақиқийлик эса аксинча томошабинларга яқинлик беради, у ҳам мендек экан, деган ҳис пайдо бўлади.

Бугун контент яратувчилар орасида энг катта хато мукаммал бўлишга уриниш. Энг катта ютуқ эса ўзини борича кўрсатишдан уялмаслик.

Таниқли блогерлар аллақачон буни тушуниб етди. Улар энди чиройли кўринишга эмас, борини борича кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг