Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лайло Ҳайитова

Шиори: Олға ҳаракат қил, ўрган, излан, уриниб кўр, муҳими, тўхтама!

Бухорода 50 га яқин норасмий ишчи фаолияти фош этилди (видео)

Солиқ базасини яшириш ҳолатларига қарши олиб борилган текширувлар натижасида қурилиш соҳасида солиқдан қочиш ҳолатлари аниқланди. Бухоро вилоят Солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Файзиевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, тадбиркорлар томонидан меҳнат қонунчилигини бузиш ҳолатларидан ташқари, 34,3 миллиард сўмлик қурилиш материлларидан ҳам ҳужжатларсиз фойдаланилган.

Билдирилишича, айрим тадбиркорлар солиқдан қочиш учун турли «схемалар»дан фойдаланишган. Бу эса тезкор ишчи гуруҳини тузиб, тадбиркорлар ўртасида солиқ базасини яшириш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича  тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш заруратини туғдирган.

Шу асосда Бухоро шаҳрида кўп қаватли уй қуриш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарда ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганишлар давомида қатор қурилиш корхоналарида ишчи-ходимлар норасмий равишда меҳнат қилаётгани аниқланган. Меҳнат инспекцияси ходимлари томонидан Бухоро шаҳридаги 3 та корхона масъулларига нисбатан меҳнат қонунчилиги бузилиши юзасидан белгиланган тартибда огоҳлантириш берилган.

Тақдим этилган маълумотга кўра, «ИНВЕСТ БЕТТА WAN» корхонаси (номи ўзгартирилган) томонидан Бухоро шаҳридаги Янги Ўзбекистон массивида жами лойиҳа қиймати 34,3 миллиард сўм бўлган 9 қаватли, 72 хонадонли 2 та турар жой биноси қурилиши 2025 йил апрель ойида бошланган. Ҳозирги кунда ҳар икки объектнинг 9-қаватида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бироқ, қурилиш ишларининг асосий қисми бажарилганига қарамасдан, жамият томонидан ўтган давр мобайнида солиқ ҳисоботларида, атиги, 2 нафар ходим (корхона раҳбари ва иш юритувчи) бухгалтерия ҳисоботларида расмийлаштирилган ва уларга ойлик ҳисобланган. 20 нафардан ортиқ ишчининг эса норасмий равишда ишлаётгани, иш ҳақи эса «конверт» усулида тўлаб келингани ошкор бўлган. Ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъуллар огоҳлантирилиб, уларга ихтиёрий равишда тузатиш киритиш учун муддат берилган.

Бундан ташқари, лойиҳа қиймати 34,3 миллиард сўм бўлган 2 та объектда 9-қаватгача қурилиш-монтаж ишлари, деярли, якунланганига қарамасдан, жамият томонидан, бор-йўғи, 1 миллиард сўмлик қурилиш маҳсулотлари харид қилингани аниқланган. Бу ҳолат эса қурилиш ишларида фойдаланилаётган материаллар, асосан, кирим ҳужжатларисиз харид қилинганини кўрсатади. Дастлабки ўрганишлар натижасида 3 та қурилиш субъектида қарийб, 50 нафар норасмий ишчи фаолият юритаётгани, иш ҳақи «конверт» усулида тўланаётгани ҳамда қурилиш материаллари кирим ҳужжатларисиз ишлатилаётгани аниқланган.

Таъкидланишича, тадбиркорлар томонидан йўл қўйилган бундай «яширин иқтисодиёт» вилоятда қурилиш ишларини амалга ошираётган барча объектларда шундай ўрганишлар босқичма-босқич давом эттирилишини кўрсатмоқда.

Ҳолат юзасидан қонунчиликка белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланилиши кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг