Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Онамнинг ёлғони — мен кеч англаган ҳақиқат

Онамнинг ёлғони — мен кеч англаган ҳақиқат

Болалигим юртда тақчиллик, рўзғорларда эса машаққат ҳукм сурган йилларга тўғри келган. Ҳовлимиздаги уч-тўрттагина товуқ кунда-кунора тухум қилар, аммо улар катта оиламиз дастурхонининг бир бурчагини тўлдиришга ҳам етмасди.

Шундай тансиқ кунларда онажоним қайнатилган тухумларни бирма-бир бизга улашар, ўзлари эса юзларида, балки сохта бўлса-да, меҳрга тўла табассум билан:

— Мен тухумни унчалик хушламайман, кўнглим тортмайди, — дердилар.

Биз эса гўдакликнинг беғубор соддалиги билан бу гапга чин дилдан ишониб, аслида онам ўз улушидан воз кечаётганини англамасдан, уни ҳам еб қўярдик.

Бу фидойилик фақат тухум билан чекланмасди. Ўша оғир йилларда ширинликлар биз учун асосан байрамлардагина насиб этадиган, гўё эртаклардагидек ноёб неъмат эди. Уйимизга тўй-ҳашамлардан торт, конфет ёки музқаймоқ келиб қолса, онам ҳар сафар деярли бир хил ҳолатни такрорлар, ўз улушидан воз кечардилар.

— Мен емайман, томоғимни оғритади. Сизлар енглар, — дердилар сокин ва маҳзун овозда.

Шу боис бўлса керак, байрам дастурхонидаги энг катта торт бўлаги, энг ширин музқаймоқ ёки ялтироқ қоғозга ўралган охирги конфет ҳамиша менинг икки ҳиссалик насибамга айланарди. Мен эса болаларча беғубор қувонч билан, ҳеч нарсани ўйламай, уларни еб ўтирардим. Онам эса бир четда менинг чаппиллатиб чайнашимни, шодлигимни кузатар, гўёки ўзлари тўйгандек бундан баҳра олардилар.

Бугун ортга қараб ўйласам, ўша кунлардаги энг катта лаззат ширинликнинг таъмида эмас, балки жигарбандининг қувончини кўрган она кўзларида жило топган теран бахтда экан.

Онажонимнинг бу меҳрга тўла «ёлғонлари» ҳар бир таомда намоён бўларди. Айниқса, уйда балиқ пиширилган кунлари бу ҳол янада аниқ сезиларди. Тилларанг тусда қизариб пишган балиқ дастурхонга тортилиши билан у киши дарҳол унинг боши ва дум қисмига қўл узатар, энг сергўшт, мазали ва суяги кам бўлакларини эса бизга ва отамга ажратиб берардилар.

— Менга айнан шу жойлари ёқади, мазаси бошқача, — дердилар одатдагидек ўша таниш оҳангда.

Мен эса ўшанда гўдаклик соддалиги, балки худбинлиги билан: «Онам жуда ғалати-я, нега энг мазали, юмшоқ гўштни эмас, суякли, ейишга ноқулай жойларни яхши кўрар экан?» деб ўйлардим.

Эҳ, содда болалик... Онанинг энг мазали гўштни фарзандига илиниб, ўзига суякни раво кўрган буюк қалбини қаердан ҳам билибман...

Энди эса вақт ўз ҳукмини ўтказди. Ҳаёт чархпалаги айланиб, мени ҳам бир оиланинг устунига, хонадон бошига айлантирди. Суронли кунлар ўтиб, бугун дастурхонимиз тўкин, камчилигимиз йўқ. Аммо қизиқ, баъзан дастурхон бошида ўтирганимизда, менга ҳам кўп нарса «ёқмаган»дек бўлиб, кенжамизга улашаман.

Айниқса, уйда балиқ тортилган дақиқаларда бўғзимга бир чўғ тиқилади, беихтиёр онажонимнинг нурли сиймоси кўз олдимда гавдаланади. Мен ҳам худди у кишидек, ички бир титроқ ва юздаги сохта табассум билан балиқнинг бошини ўзимга оламан-да:

— Менга балиқнинг боши ёқади. Энг мазали, хосиятли жойи аслида шу ерда, — деб қўяман.

Табиийки, менинг қоракўзларим — фарзандларим бу гапимга чин дилдан ишонишади. Худди бир пайтлар мен ишонганимдек... Ҳозирча ишониб туришади...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг