«75 мактуб» иши: Ташиев давлат тўнтаришига уриниш жинояти доирасида сўроққа чақирилди
Қирғизистонда шов-шувга сабаб бўлган «75 мактуб» иши доирасида бир қатор собиқ юқори лавозимли амалдорлар ИИВда сўроқ қилинди. Бу ҳақда адвокат Шердор Абдикафаров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев, собиқ депутат Курманкул Зулушев ва Жогорку Кенешнинг собиқ торағаси Нурланбек Тургунбек уулу (Нурланбек Шакиев) тергов органлари томонидан чақиртирилган.
Маълум қилинишича, уларга нисбатан аввал бошқа фигурантларга ҳам қўлланган айбловлар доирасида саволлар берилган. Гап оғир жиноят таркиблари – оммавий тартибсизликлар ташкил этиш ва давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳоланаётган ҳаракатлар ҳақида бормоқда.
Манбаларга кўра, сўроқлар ИИВ Бош тергов бошқармасида ўтказилган ва бир неча соат давом этган. Шундан сўнг сўроқ қилинган шахслар идора биносини тарк этган. Айни пайтда расмийлар томонидан айбловлар мазмуни ва тергов жараёни бўйича батафсил маълумот очиқланмаган.
«75 мактуби» нима?
Мазкур иш 2026 йил февраль ойида 75 нафар шахс томонидан президент Садир Жапаров ва парламент раҳбариятига юборилган мурожаатдан сўнг бошланган. Унда муддатидан аввал президент сайловларини ўтказиш таклиф этилган.
Шундан кейин мамлакатда қатор сиёсий ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, Қамчибек Ташиев лавозимидан озод этилди, Миллий хавфсизлик қўмитаси қайта ташкил этилди. Бир қатор амалдорлар ўз лавозимларини тарк этди ҳамда Нурланбек Тургунбек уулу тораға лавозимини ва депутатлик мандатини топширди. Курманкул Зулушев ҳам депутатлик ваколатларини тугатди.
Кейинчалик ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, «75 мактуби»ни имзолаган айрим шахслар ҳибсга олинди. Улар оммавий тартибсизликларни ташкил этишда айбланмоқда.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров аввалроқ Қамчибек Ташиев мазкур мурожаат муаллифлари билан учрашувларни рад этганини билдирган. Шу билан бирга, давлат раҳбари уни қайта давлат лавозимига тайинлаш режаси йўқлигини таъкидлаган.
Конституциявий суд эса президент сайловлари белгиланган муддатда – 2027 йил январда ўтказилиши кераклигини маълум қилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter