Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда AI–чатботли «Қурилишда қонунийлик» мобил иловаси ишга тушади

Ўзбекистонда AI–чатботли «Қурилишда қонунийлик» мобил иловаси ишга тушади

Фото: Xabar.uz

Ҳукуматнинг 202-сон қарори билан 2026–2027 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ушбу дастур аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини оширишга қаратилган комплекс чораларни ўз ичига олади.

Дастур доирасида «Онлайн-маҳалла» платформаси ва «маҳалла еттилиги» орқали аҳоли муаммолари таҳлил қилиниб, уларга қонуний ечимлар берувчи содда медиа материаллар тайёрланади. Бу материаллар аннотация, видео, инфографика ва буклетлар кўринишида тақдим этилади.

Йил якунида фуқаролар мурожаатлари асосида «ТОП-100 ҳуқуқий тавсия» тўплами шакллантирилади. Шунингдек, янги қонунлар мутахассислар иштирокида интервью ва подкастлар орқали тушунтирилиб, «Адлия ТВ»да жойлаштирилади.

Дастурда замонавий технологияларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, қурилиш соҳасида қонунчиликни тушунтирувчи AI-чатботли «Қурилишда қонунийлик» мобил иловаси яратилади.

Ушбу илова орқали фойдаланувчилар интерактив ўйинлар, тестлар ва видеолар ёрдамида билим олиши мумкин. Шу билан бирга, ноқонуний қурилиш ҳолатлари ҳақида хабар бериш имконияти ҳам яратилади.

Бундан ташқари, «Advice.uz» ва «Гендер-мадад» платформалари такомиллаштирилади. Ижтимоий тармоқларда «совринли викториналар» ўтказиш орқали аҳолининг ҳуқуқий билимлари оширилади.

Дастур доирасида болалар ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга ҳам катта эътибор берилган. Ҳуқуқий видеороликлар ишлаб чиқилиб, кенг тарғиб қилинади.

Шунингдек, «Оилани асранг – зўравонликни тўхтатинг!» шиори остида ижтимоий челленжлар ва роликлар танлови ташкил этилади. Таълим муассасаларида «Ҳуқуқий билимлар ойлиги» ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Қарорга мувофиқ, дастурда белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун тегишли давлат органлари раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади ҳамда ҳар чоракда Адлия вазирлигига ҳисобот тақдим этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг