Банк депозитлари бир йилда 118 трлн сўмга кўпайди
2026 йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистон банк тизимининг асосий молиявий кўрсаткичлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсишни намоён қилди. Марказий банк маълумотларига кўра, жами банк активлари 18 фоизга ошиб, 1 квадриллион 5,8 триллион сўмга етди. Шу даврда кредит қўйилмалари 12 фоизга ўсиб, 642,8 триллион сўмни ташкил этди.
Банк тизимининг жами капитали ҳам ижобий динамикани сақлаб қолди. Ҳисобот даврида мазкур кўрсаткич 19 фоизга ўсиб, 148,9 триллион сўмга етган.
Энг юқори ўсиш депозитлар ҳажмида қайд этилди. Бир йил ичида жами депозитлар қарийб 118 триллион сўмга кўпайиб, 473,8 триллион сўмга етди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 33 фоизлик ўсишни англатади.
Ҳисоботда банк тизими кўрсаткичлари таркибида хорижий валюта улушининг қисқаргани ҳам қайд этилди. Жумладан, банк активларида хорижий валюта улуши бир йил олдинги 40 фоиздан 35 фоизга тушди.
Кредит қўйилмалари таркибида ушбу кўрсаткич 42 фоиздан 39 фоизга, депозитлар таркибида эса 24 фоиздан 19 фоизгача пасайган.
2026 йил 1 июл ҳолатига кўра, хорижий валютадаги банк активлари 348,9 триллион сўмни, кредит қўйилмалари 252 триллион сўмни, депозитлар эса 90,5 триллион сўмни ташкил этди.
Марказий банк ушбу тенденцияни банк тизимида миллий валюта ролининг кучайиши билан изоҳлаган. Бу жараён иқтисодиётда молиявий барқарорликни таъминлаш ва миллий валюта мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter