Binanceга ҳакерлар ҳужуми: компания расмий баёнот берди
Аввалроқ Binance криптобиржаси ҳакерлар ҳужумидан 6,3 млрд доллар зарар кўргани ҳақида сайтимизда хабар берилганди. Кейинроқ криптовалюта транзакцияларини кузатувчи таҳлилчилар ушбу ҳужумни Шимолий Кореянинг Lazarus гуруҳига тегишли TraderTraitor бўлинмаси билан боғлашди.
Дунё матбуоти бугун энг кўп эътиборни қаратган мавзулардан бири шу бўлди. Ўз-ўзидан бир-бирини инкор этувчи турфа хабарлар кўпаймоқда. Хўш, аслида вазият қандай? Binance компанияси айни пайтдаги ҳолат бўйича янгиланган расмий изоҳини берди.
Унда шундай дейилади:
Binance фойдаланувчиларнинг ҳодисадан таъсирланган активларини қайтаришни бошлади. Шунингдек, қўшимча маблағларни аниқлаш, музлатиш ва қайтариш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, активлар эмитентлари, блокчейн-таҳлил компаниялари ҳамда соҳанинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.
Binance юзага келган йўқотишларни компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплайди.
Бунинг учун Binance аллақачон 6,34 миллиард АҚШ долларидан ортиқ ўз маблағини захирага ажратди. Ушбу маблағнинг 5 миллиард доллари ҳодиса натижасида таъсирланган активлар билан айнан бир хил токенларда сақланмоқда. Ҳозирда биз ҳар бир таъсирланган актив бўйича эҳтимолий етишмовчиликни тўлиқ қоплаш учун қолган активларни бозор ва OTC каналлари орқали сотиб олмоқдамиз.
Ушбу жараён маълум вақт талаб қилиши мумкин. Айрим токенларнинг ликвидлиги чекланган, OTC битимлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳам вақт талаб этади. Тасдиқланган янги маълумотлар пайдо бўлиши билан жараённинг бориши ҳақида хабар бериб борамиз.
6,34 миллиард долларлик ушбу сумма қайтариш ва қўшимча текширув жараёнида бўлган музлатилган ёки ҳимояланган активларни ўз ичига олмайди. Ҳозирга қадар соҳа ҳамкорларимизнинг кўмаги билан қарийб 3 миллиард долларлик активларни музлатишга эришдик. Ушбу маблағларни қайтариш бўйича ҳамкорларимиз ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда иш олиб боришда давом этмоқдамиз.
Binance тасдиқланган ҳар қандай маблағ етишмовчилигини қоплаш учун ўз ресурсларидан фойдаланишда давом этади. Активларни қайтариш жараёни олға силжигани сари тасдиқланган янги маълумотларни эълон қилиб борамиз. Якуний натижада барча фойдаланувчилар маблағларининг сақлангани Proof of Reserves (захиралар исботи) орқали очиқ тарзда тасдиқланади.
Биз бу вазиятни бартараф этамиз, дейилади расмий баёнотда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter