Биологик фаол қўшимчаларни реклама қилган фуқаро жавобгарликка тортилди
Рақобат қўмитаси ўтказган ўрганишларда ижтимоий тармоқларда «Қаҳрамон табиб» номи билан танилган С.Қ. ўзининг саҳифасида биологик фаол қўшимчалар қонунчиликка зид тарзда реклама қилингани аниқланди. Расмий маълумотга кўра, рекламада маҳсулот таъсири бўрттириб кўрсатилган ва унинг хусусиятлари тўлиқ очиб берилмаган.
Қўмитанинг таъкидлашича, реклама мазмуни истеъмолчиларда мазкур қўшимчалар дори воситасига хос даволаш хусусиятига эга деган тасаввур уйғотиши мумкин. Бу эса амалдаги талабларга зид ҳисобланади.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш суд органларига юборилган.
Маълумот учун, «Реклама тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар рекламаси қатъий тартибга солинади. Хусусан, бундай маҳсулотлар дори воситаси сифатида тақдим этилмаслиги шарт.
Шунингдек, рекламада одамлар даволангани ёки аҳволи яхшилангани ҳақидаги ҳолатларга ҳавола қилиш тақиқланади. Жисмоний шахслар миннатдорчилик билдирган ҳолатлар ҳам рекламада келтирилмаслиги лозим.
Қонунчиликка кўра, бундай қўшимчалар рекламасида рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш ҳам мумкин эмас. Ҳар бир рекламада маҳсулот дори эмаслиги ҳақида огоҳлантириш бўлиши шарт.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter