Божхоначилар учун имтиёзли равишда уй-жойлар қуриб берилади — лойиҳа
Ўзбекистонда божхона органлари ходимларига имтиёзли равишда уй-жойлар қуриш ва бериш режалаштирилмоқда. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим қилаётган тегишли қонун лойиҳасига кўра, турар жойга эга бўлмаган ходимларга хизмат қилаётган жойларида бевосита яқин ерда яшаши керак бўлган ҳолларда хизмат турар жойи берилиши мумкин.
Хизмат турар жойи божхона органлари ходимларига уларнинг фақат божхона органларида хизматни ўташ даврига берилади ва улар хусусийлаштирилмайди.
Ходим хизматдан бўшатилганда, ходим ёки у билан бирга яшаётган оила аъзолари шахсий уй сотиб олганда ёхуд яшаш шароитларини яхшилаганда ва ёки янги хизмат жойига кетганда (уй-жой билан таъминланган бўлса) ўн кундан кечиктирмай бўшатиб бериши шарт.
Шунингдек, ходимлар вафот этганда (хизмат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолатда) вафот этган ходимнинг оила аъзолари (эри (хотини), фарзандлари ёки қарамоғида бўлган шахслар) бўлмаса ёки уларнинг номида шахсий турар жой бўлса ҳам юқоридаги тартибга кўра уй бўшатиб берилиши керак бўлади.
Маълумот учун, амалдаги тартибга кўра, уй-жой олишга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб топилган божхона органлари ходимларига уй-жой майдони олиш ҳуқуқи берилган.
Шунингдек, божхона органлари хизмат уй-жой фондини ташкил этиши мумкин.
Божхона органлари ходимларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси тўланади. Уларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар олиш ва якка тартибда уйлар қуриш учун ер участкалари олиш ҳуқуқи ҳам берилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter