ChatGPT энди сизнинг ўрнингизга сайтда ишлай олади
Энди сунъий интеллект нафақат очиқ веб-сайтлардан маълумот излаши, балки фойдаланувчи тизимга киришни амалга оширганидан сўнг, логин талаб қиладиган айрим сайтларда ҳам унинг номидан турли вазифаларни бажариши мумкин.
Янги имконият ChatGPT Workнинг Cloud browser функцияси орқали ишлайди. У алоҳида булутли компьютерда ишлайдиган браузер бўлиб, веб-саҳифаларни очиш, тугмаларни босиш, шаклларни тўлдириш ва сайтларда муайян амалларни бажариш имконини беради. Энг муҳими, фойдаланувчи вазифани бериб, кейин қурилмасидан чиқиб кетса ҳам, жараён давом этиши мумкин. ChatGPT зарур маълумот, қайта кириш ёки тасдиқ талаб қилинганида эса ишни тўхтатади.
OpenAIнинг таъкидлашича, сайтга кириш жараёнида фойдаланувчи логин ва паролини махсус хавфсиз кириш шакли орқали киритади. Бу маълумотлар моделга кўринмайди ва ChatGPT уларни кириш маълумотлари сифатида сақламайди.
Шу билан бирга, бу ерда муҳим жиҳат бор. Пароль сақланмаса ҳам, сайтга кирилгандан кейинги аутентификация сессияси маълум вақт давомида фаол бўлиб қолиши мумкин. Демак, кейинги вазифаларда қайтадан пароль киритиш талаб этилмаслиги эҳтимол. Сессия муддати тугагунча ёки булутли браузер маълумотлари ўчирилгунча ChatGPT ушбу аккаунтдаги сессиядан фойдаланиб вазифаларни давом эттириши мумкин. Оддий қилиб айтганда, сунъий интеллект паролни билмайди, аммо сиз унга очган эшик орқали сайтда ишлаш имкониятига эга бўлади.
Фойдаланувчи ChatGPT Workда вазифани белгилайди. Агар сайтда авторизация талаб қилинса, ChatGPT жараённи тўхтатиб, фойдаланувчидан хавфсиз шакл орқали тизимга киришни сўрайди. Зарур бўлса, икки босқичли тасдиқлаш ҳам фойдаланувчининг ўзи томонидан амалга оширилади. Шундан кейин агент вазифани давом эттириши мумкин. Масалан, коммунал хизматлар аккаунтига кириб тарифларни солиштириш, авиачипталарни қидириш, буюртма ҳолатини текшириш ёки маълум бир сайтдаги маълумотларни янгилаш каби ишларни бажариши мумкин.
Аммо ChatGPT ҳар қандай муҳим ҳаракатни фойдаланувчининг тасдиғисиз бажаравермайди. Масалан, ҳуқуқий ва молиявий мажбурият келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳаракатлар олдидан тасдиқ сўралади. Янги технологиянинг қулайлиги билан бирга янги хавфлар ҳам пайдо бўлмоқда. Чунки агент сайтда фойдаланувчининг номи билан ҳаракат қилади. Шу сабабли OpenAI фойдаланувчиларга сайт манзилини, кириш ойнасини ва муҳим амаллар олдидан чиқадиган тасдиқ сўровларини диққат билан текширишни тавсия қилмоқда.
Компания, шунингдек, булутли браузерда сайтларга кириш ҳуқуқини бошқариш имконини берган. Settings бўлимида фойдаланувчи ҳар бир янги сайт учун алоҳида рухсат сўралишини белгилаши, хавфсиз деб ҳисобланган сайтларни автоматик тасдиқлашга рухсат бериши ёки сайтларга киришни кенгроқ тарзда бошқариши мумкин. OpenAI барча сайтларга доимий рухсат бериш вариантини тавсия этмайди. Сайт маълумотлари ўчирилса, ушбу сайтдаги аккаунтдан чиқилади ва кейинги вазифаларда қайтадан авторизация талаб қилиниши мумкин. Илгари сунъий интеллект асосан маълумотни топиш, таҳлил қилиш ва матн тайёрлашда ёрдам берган бўлса, энди айрим ҳолатларда веб-сайтнинг ўзида амалий ишларни ҳам бажариши мумкин.
Масалан, журналист учун очиқ маълумотларни йиғиш, бир нечта сайтдан маълумотларни солиштириш, аккаунтдаги маълумотларни текшириш ёки белгиланган веб-жараёнларни автоматлаштириш имконияти пайдо бўлади. Бизнесда эса ҳисоб-фактуралар билан ишлаш, маълумотларни янгилаш, буюртмаларни кузатиш ва бошқа такрорий вазифаларни автоматлаштириш мумкин. OpenAI ChatGPT Workни айнан узоқроқ ва мураккаброқ вазифаларни мустақил бажаришга мўлжалланган агент сифатида тақдим этмоқда.
Шу билан бирга, ҳар қандай сайт ҳам бундай агентларни қабул қилавермайди. Айрим платформалар автоматлаштирилган браузерларга техник ёки хавфсизлик чекловларини қўйиши мумкин. Шунинг учун янги функцияни «ChatGPT исталган сайтда исталган ишни тўлиқ мустақил бажаради» деб тушуниш ҳозирча тўғри эмас.
ChatGPTга сайтга кириш имкониятини берганингизда, унга айнан қандай амалларни бажаришга рухсат берганингизни назорат қилинг. Сунъий интеллектнинг кейинги босқичи шунчаки жавоб бериш эмас, балки инсон топшириғи асосида рақамли муҳитда ҳаракат қилишдир. Cloud browser эса ана шу ўзгаришнинг энг амалий кўринишларидан бири бўлмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter