Дунёнинг энг овлоқ икки қишлоғи қандай қилиб бойимоқда?
Мультфильм туфайли тинчи бузилган Хускар
Испаниянинг Андалусия тоғлари бағрида жойлашган Хускар қишлоғида ҳаёт асрлар давомида бир хил кечган. Аҳолининг асосий тирикчилиги тоғдан қўзиқорин териш, эчки боқиш ва кичик деҳқончиликдан иборат эди. Уйлари оқ деворли, сукунатга бурканган бу камсуқум гўшада кунлар шу қадар тинч ўтардики, ҳатто шаҳардан келадиган сайёҳлар ҳам бу ерда узоқ ушланиб қолмасди.
Аммо 2011 йилда бу осойишта ҳаёт тубдан издан чиқди. Қишлоққа Голливуднинг гигант медиакорпорацияси — Sony Pictures вакиллари кириб келди. Улар «Смурфлар» 3D мультфильмининг глобал промо-кампанияси учун кутилмаган ва ақлга сиғмас таклифни олиб келишган эди: қишлоқдаги барча уйларни, жумладан, тарихий черков ва ҳатто қабристондаги қабр тошларини ёрқин мовий (кўк) рангга бўяш.

Голливуднинг бу ғояси маҳаллий аҳоли томонидан бир овоздан хурсандчилик билан кутиб олинмади. Аксинча, қишлоқ икки қутбга бўлиниб қолди.
Айниқса, асрий черков ва боболари мангу қўним топган қабристон деворларига кўк бўёқ суртилишини жуда кўпчилик муқаддас қадамжоларга ва тарихга нисбатан беҳурматлик деб қабул қилди.
Ишчилар бўёқ ва мўйқаламлар билан иш бошлашганида баъзи норози хонадон эгалари ўз уйлари деворига қайтадан оқ бўёқ суртиб халақит беришга уринди. Қишлоқ марказида «Биз смурф эмасмиз, биз деҳқонмиз!», «Тинчлигимизни қайтаринг!» деган ҳайқириқлар билан норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Чунки суратга олиш гуруҳининг шовқини, кўчаларда пайдо бўлган гигант кўк жонзотлар ҳайкаллари ва доимий тасвирга олиш жараёнлари тинч ҳаётга ўрганган одамларнинг асабини эговларди.

Фото: Espanarusa.com
Аммо киноижодкорлар суратга олиш ишлари тугагач, уйларни яна аввалгидек оқ рангга бўяб бериш ваъдаси билан аҳолининг маълум қисмини кўндиришга эришди. Қишлоқ уйларини бўяш учун эса нақ 4000 литрдан ортиқ бўёқ ишлатилди.
Ва ниҳоят 2011 йилнинг июль ойида мультфильм намойиш этилди ва мўъжиза юз берди. Илгари йилига атиги 300 нафар сайёҳ аранг келадиган Хускарга 6 ой ичида 80,000 дан ортиқ одам ёпирилиб келди! Тоғ орасидаги кичик кўчалар сайёҳларга тўлиб кетди. Одамлар кўк деворлар ёнида суратга тушиш, смурф-қўзиқоринларни сотиб олиш ва маҳаллий қаҳвахоналарда овқатланиш учун узун навбатларда тура бошлашди.
Илгари кунига 50 евро ишлашга зўрға кучи етадиган оилалар, энди кунига минглаб евро даромад топа бошладилар. Меҳмонхоналар, сувенир дўконлари ва транспорт хизмати гуллаб-яшнади. Қишлоқда ишсизлик даражаси деярли барҳам топди.
Кутилмаган бурилиш эса кейин юз берди: энг баланд овоз билан суратга олиш ишларига қарши чиққан, деворларга оқ бўёқ отган собиқ норозилардан бири, кейинчалик қишлоқда энг биринчи бўлиб «Смурф-кафе ва сувенирлар» дўконини очди ва энг катта тадбиркорга айланди!

Шартнома муддати тугаб, Sony Pictures уйларни қайта оққа бўямоқчи бўлганида, яна аҳоли қишлоқ марказига тўпланди. Ва 141 киши уйларни кўк рангда қолдиришга, 33 киши эса оқ рангга қайтаришга овоз берди.
Аммо қишлоқ ҳикояси шу билан тугамади. 2017 йилда Sony Pictures ва муаллифлик ҳуқуқи эгалари қишлоқдан «Смурфлар» брендидан фойдалангани учун катта фоиз талаб қила бошлади. Келишмовчиликлар сабаб, қишлоқ «Смурфлар қишлоғи» номидан ва расмий брендидан маҳрум бўлди.
Тирикчилик тўхтаб қолдими? Йўқ! Хускар аҳолиси дарҳол қишлоқ номини «Кўк қишлоқ» деб ўзгартирди. Бренд номи кетган бўлса-да, унинг тарихи ва ёрқин кўк уйлари қолган эди. Бугунги кунда ҳам минглаб сайёҳлар бу ерга айнан иқтисодий бурилиш тарихини ўз кўзи билан кўриш учун келишда давом этмоқда.
Қорли тоғлар орасида қолиб кетган Сиракава-го
Испаниянинг Хускар қишлоғи Голливуднинг шов-шувли маркетинги ва тасодифий бурилиш эвазига оёққа турган бўлса, Япониянинг тоғлар орасида жойлашган Сиракава-го қишлоғи бутунлай қарама-қарши жозибага эга.
Сиракава-гонинг бойлиги асрлар давомида шаклланган, интизомга, жамоавий масъулиятга таянадиган ягона ижтимоий ва иқтисодий тизимда.
Сиракава-го Япониянинг Хонсю ороли шимоли-ғарбидаги муқаддас Хаку-Сан тоғи этагида, гуруч пайкаллари ва тоғ дарёси атрофида жойлашган. Бу тинч ва табиий қишлоқ ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, ўзининг 114 та тарихий уйи билан машҳур. Уларнинг баъзиларининг ёши 250 йилдан ошган.

Қишда бу ерда қор қалинлиги бир неча метрга етади. Шу сабабли маҳаллий аҳоли асрлар давомида «Гассхо-дзукури» (ибодат учун бирлаштирилган кафтлар) деб аталадиган ноёб меъморчилик услубини яратган.
Уйларнинг томи 60 даражали тик қияликда, фақат ёғоч ва арқонлардан фойдаланиб, бирорта ҳам мих ишлатмасдан сомон ва пўпанакдан ёпилади. Бундай конструкция оғир қор босимига ва тебранма зилзилаларга бардош беради.

Фото:Redhairtravel.com
Муаммо шундаки, бундай томнинг сомон қатламини ҳар 30–40 йилда тўлиқ янгилаш талаб этилади. Замонавий бозор иқтисодиёти тилида айтганда, битта уйнинг томини янгилаш ўн минглаб долларлик меҳнат ва ресурсни талаб қиладиган, оддий деҳқон оиласининг чўнтаги кўтармайдиган жараён.
Айнан шу молиявий ва жисмоний қийинчилик Сиракава-года ноёб ижтимоий тизим — «Юи» ни шакллантирди. «Юи» бизнинг тилимизда ҳашар деган сўзни англатади, аммо у қишлоқда аниқ тартибга солинган ижтимоий мажбурият. Битта уйнинг томини янгилаш куни белгилангач, қишлоқ аҳолиси эрта тонг азонлаб бир жойга йиғилади. Иш шу қадар аниқ ва дақиқаларигача режалаштириладики, улкан томни алмаштириш ишлари 1-2 кун ичида тўлиқ якунланади.

Энг муҳими бу хизмат учун ҳеч кимга бир иен ҳам ҳақ тўланмайди. Бугун бутун қишлоқ сизнинг уйингиз томини ёпиб берса, эртага сиз бошқа хонадонга бориб меҳнат қиласиз. Бу тизим маҳаллий аҳолини оғир молиявий харажатлардан озод қилибгина қолмай, жамоа ичидаги жипсликни ҳам сақлаб туради.
1995 йилда Сиракава-го ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Шу ондан бошлаб қишлоққа инвестиция киритмоқчи бўлган инвесторлар ва йирик меҳмонхона тармоқларининг ёпирилиб келиши бошланди. Аммо маҳаллий аҳоли йиғилиб, учта қатъий ва муросасиз қоидани қабул қилди: қишлоқдаги уй ёки ер майдонлари бирорта ташқаридан келган шахсларга ёки хорижий инвесторларга сотилмайди, уйларни ташқи бизнес субъектларига тижорат мақсадида ижарага бериш тақиқланади. Қишлоқнинг тарихий қиёфасига зид бўлган замонавий бино, пластик конструкторлик ёки ёрқин реклама баннерлари ўрнатилмайди.
Улар йирик меҳмонхоналар ва шовқинли кўнгилочар марказларни қишлоққа киритмаслик орқали оммавий, арзон туризмдан воз кечишди. Сиракава-го аҳолиси замонавий дунёга мослашмади, аксинча, замонавий дунёни ўз тартибларига бўйсундириб, юқори қийматли этно-туризм моделини яратди.
Сайёҳлар йирик меҳмонхоналарда эмас, айнан маҳаллий аҳолининг асрий сомон томли уйларида, оилалар билан бирга яшайди. Бунинг учун йилига минглаб одамлар бир неча ой олдин навбатга туриб, юқори нарх тўлайди.
Бу ерда қишлоқ ташқарисидан келтирилган озиқ-овқатлар эмас, балки маҳаллий деҳқонлар томонидан етиштирилган гуруч, тоғ сабзавотлари ва анъанавий япония овқатлари сотилади. Сиракава-годаги бир нечта тарихий уйлар музейга айлантирилган ва кириш чипталаридан тушган даромад тўлиқ маҳаллий инфратузилма ҳамда «Юи» тизимини қўллаб-қувматлашга йўналтирилади.
***
Испаниянинг Хускар қишлоғи бизга замон талабига мослашиш, моделни тезкор ўзгартириш ва дадил маркетинг орқали ночор ҳудудни оёққа турғизиш мумкинлигини кўрсатган бўлса, Япониянинг Сиракава-го қишлоғи ўзликни ва қадриятларни тижорат учун қурбон қилмасликнинг ўзи энг қимматбаҳо капитал эканини исботлайди.
Бири тезкор тренд ва кинематографик шов-шув эвазига бойиди, иккинчиси эса асрий интизом ва жамоавий масъулият орқали ўз мустақиллигини сақлаб қолди. Аммо иккаласининг ҳам натижаси қувонарли, муҳими қишлоқлар харитадан ўчмади, аҳоли шаҳарга кўчиб кетмади, балки ўзларининг мавжудлигини бутун дунёга сайёҳлар орқали исботлаб фаровон ва обод гўшага айланди.
Барно Султонова тайёрлади


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter