Энди жаримани автомобил эгаси эмас, қоидани бузган шахс тўлайди
Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни транспортни бошқарган шахсга ўтказиш тартиби жорий этилди. Бу Ҳукуматнинг 30 мартдаги тегишли қарори билан белгиланди.
Унга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб автомобилни бошқа шахсга фуқаролик-ҳуқуқий асосда бошқаришга берган ҳолларда, қоидабузарлик учун жарима ўша ҳайдовчига расмийлаштирилади.
Янги тартибга кўра, транспорт эгаси ва уни бошқарувчи шахс ўртасидаги муносабатлар расмий тарзда рўйхатга олинади. Шу асосда жавобгарлик ҳам аниқ белгиланади.
Жавобгарликни ўтказиш учун транспорт эгаси Давлат хизматлари портали ёки махсус мобил илова орқали мурожаат қилади. У ерда бошқариш ҳуқуқини бериш муддати ва шахс маълумотлари кўрсатилади.
Бошқарувчи шахс эса сўровномани тасдиқлаб, келгусида қоидабузарлик учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини электрон тарзда маъқуллайди. Бу жараён электрон рақамли имзо, Mobile-ID ёки Face-ID орқали амалга оширилади.
Мазкур хизматдан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ундирилади. Унинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизига тенг қилиб белгиланган.
Шунингдек, қарор билан автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси 5 йил муддатга берилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter