ИИВ: киберҳужумлар орқали одамлардан ўғирланган 182 млрд сўмдан ошиқ пул қайтарилди
Ички ишлар вазирлигида жиноятчиликка қарши курашиш ва ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов ва бошқалар иштирок этди.
Айтилишича, жорий йилнинг 1 июль — 15 август кунлари ўтказилган тадбирнинг иккинчи босқичи натижаларига кўра олди олиниши лозим бўлган жиноятлар 2 228 тага камайишига эришилган. Жиноят турларидан қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик ва безорилик жиноятлари камайди. Ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан жиноятларни аниқлаш 792 тага яхшиланган.
Шунингдек, «қора бозор»даги тахминий қиймати 221,7 миллиард сўм бўлган 1,8 миллион доза (369,3 килограмм) гиёҳвандлик воситаси, 66 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва 44 919 туп заҳриқотил ўсимлик аниқланиб, учта ноқонуний нарколаборатория фаолиятига чек қўйилган. Кибержиноятчилик йўналишида 438 та жиноят аниқланиб, фуқароларга етказилган 3,5 миллиард сўм зарар қайтарилган. Бундан ташқари, 51 041 та коррупциявий ҳолат, жумладан, 18 322 та энергия ресурсларини талон-торож қилиш ва 4 710 та ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.
Йиғилишда кибержиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш ва содир этилган жиноятларни фош этиш бўйича топшириқлар ижроси ҳам таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, банк карталари ва шахсий маълумотларни қўлга киритиш, сохта ҳаволалар орқали пул маблағларини ўзлаштириш, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни эгаллаш каби жиноятлар замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда содир этилмоқда. Бу эса тезкор ахборот алмашинуви, электрон далилларни таҳлил қилиш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланишни тақозо этади.
Ўзбекистон кибермаконини ҳимоя қилиш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларни аниқлаш ва фош этиш мақсадида ўтган даврда 24 мингдан ортиқ тезкор-техник ва тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.
Мазкур тадбирлар натижасида жами 17 490 та ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноят фош этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 251 фоизга ошди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 18 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланиб, уларга етказилган 182 млрд 176 млн сўм миқдоридаги моддий зарарнинг ўз эгаларига қайтарилиши таъминланди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг банк ҳисоб варақларидан маблағларни ноқонуний ечиб олишга қаратилган, кўплаб фуқароларга зарар етказаётган 459 та фишинг туридаги зарарли дастур аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди. Бунинг натижасида сўнгги 9 ой давомида 660 мингдан ортиқ фуқаронинг электрон қурилмалари ва пул маблағларини талон-торож қилинишига йўл қўйилмади.
Кибержиноятларнинг алоҳида хавфли йўналишларидан бири бўлган крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ 3 929 та жиноят аниқланиши натижасида жиноий йўл билан топилган 112,2 млрд сўмдан ортиқ маблағларни крипто-активлар шаклида республика ҳудудидан олиб чиқиб кетишининг олди олинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter