Инсон ҳақида интернетда 10 дақиқада нималарни билиб олиш мумкин?
Рақамли оламда ҳар бир қадамимиз ўзидан из қолдиради. Кўпчилик фойдаланувчилар шахсий ҳаётини махфийлик созламалари ёки тахаллуслар (никнейм) орқали ишончли ҳимоя қилдим, деб ўйлаб хато қиладилар. Аслида эса, тажрибали мутахассисга интернетдаги исталган инсон ҳақида батафсил маълумот тўплаш учун атиги 10 дақиқа етарли бўлади.
IBS киберхавфсизлик бўйича комплекс лойиҳалар бўлими таҳлилчиси Ирина Ульянкина булар ҳақида батафсил маълумот берди.
Маълумот тўплаш жараёни одатда энг оммалашган ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалардан бошланади. Профилни тўлдириш чоғида биз ихтиёрий равишда туғилган сана ва йил, яшаш манзили, оилавий ҳолат, қизиқишлар, электрон почта ва телефон рақами каби муҳим маълумотларни тақдим этамиз.
Агар профил ёпиқ ёки тўлдирилмаган бўлса ҳам, туғилган санани дўстларнинг табриклари орқали, туғилган йилни эса битирув кечаларидаги суратлардан аниқлаш мумкин. Дўстлар рўйхатидаги ҳудудий кўпчилик фойдаланувчининг яшаш жойини кўрсатса, қариндошларнинг саҳифаларини таҳлил қилиш орқали шахснинг отасининг исмини билиб олиш қийинчилик туғдирмайди
Профилдаги суратлар — бу шахсий ҳаётнинг батафсил харитасидир. Улар орқали севимли машғулотлар, ресторанлар, клублар ва спорт залларини, ҳатто уларга бориш вақтини ҳам осонгина аниқлаш мумкин. Агар геолокация ўчирилган бўлса, билвосита белгилар: орқа фондаги автомобил рақамлари ёки бино интерьери бўйича қидирув тизимлари ишга тушади.
Профил расми ҳам ўзига хос «рақамли калит» вазифасини ўтайди. Фойдаланувчилар кўпинча турли платформаларда бир хил суратдан фойдаланишади. Бу эса расм орқали қидирув бериб, бошқа ижтимоий тармоқлардаги профилларни ҳам топиш имконини беради. Замонавий технологиялар эса инсонни ҳатто бошқа суратларда ўзгача кўринса ҳам, юз биометрик белгилари бўйича аниқлашга қодир.
Агар саҳифада бошқа ижтимоий тармоқлар ҳақида маълумот бўлмаса, профил ҳаволасидаги ноёб идентификатор (ID) орқали уларни топиш мумкин. Кўпинча энг батафсил маълумотлар фойдаланувчи киришни йўқотган ва ташлаб кетган эски саҳифаларида сақланиб қолади. Электрон почта манзили эса иш қидириш сайтларидаги батафсил резюмеларга йўл очади.
Телефон рақами — энг универсал идентификаторлардан биридир. Рақам мессенжер контактларига қўшилса, фойдаланувчининг сурати ва туғилган санасини кўриш имкони туғилади. Шунингдек, рақам орқали эълонлар сайтларидаги профилларни топиш осон. Амалга оширилган битимлар тарихи эса сотилган автомобиллар, кўчмас мулк, қизиқишлар ва қўшимча даромад манбалари ҳақида «ҳикоя қилади». Бундан ташқари, банк иловаси орқали телефон рақами бўйича пул ўтказишга уриниш исмингиз, шарифингиз ва сиз мижози бўлган банклар рўйхатини ошкор қилади»
Агар саҳифада бошқа ижтимоий тармоқлар ҳақида маълумотлар бўлмаса, бошқа платформалардаги ҳаволадаги ноёб идентификаторни текшириш уларни топиш имконини беради. Батафсил маълумотлар фойдаланувчи, масалан, киришни йўқотган ташлаб кетилган саҳифаларда сақланади. Электрон почта орқали қидирув батафсил резюмели иш танлаш сайтларига йўл очади.
Шунингдек, махсус мобил иловалар ҳам мавжуд бўлиб, улар фойдаланувчининг бошқа одамларнинг телефон китобларида қандай қайд этилганлигини билиб олиш имконини беради. Теглар лавозимингиз, оилавий ҳолатингиз ёки манзилингизни кўрсатиши мумкин. Иш жойи тегини олгандан сўнг, иш берувчининг расмий веб-сайтини ўрганиб чиқиш ва касбий ютуқлар ҳақида маълумот олиш мумкин.
Агар фотосуратда автомобил рақами кўриниб қолган бўлса, очиқ сервислар унинг сотув тарихи, техник хусусиятлари, нархи ва сотиб олинган йилини кўрсатади. Таълим муассасаларининг сайтлари ўқиш йиллари ва мутахассисликни ошкор қилиши мумкин, иш қидириш ресурсларидаги батафсил резюмеларда эса кўпинча яшаш манзили, аввалги иш берувчилар ва олдинги иш ҳақи миқдори ҳақидаги маълумотлар бўлади.
Фамилияси, исми, шарифи, туғилган санаси ва ҳудудини билган ҳолда, айрим давлат хизматлари сайтлари молиявий қарздорликлар ҳақида маълумот бериши ёки маъмурий ёхуд жиноий ишлардаги иштироки ҳақида сўзлаб бериши мумкин.
Ҳатто севимли машғулот (ҳобби) ҳам из қолдиради. Масалан, тармоқ ўйинларидаги профил ўйин тақвимини кўрсатади, бу эса ҳаёт тарзи ва уйда бўлиш вақти ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.
Ниҳоят, интернет-дўконларнинг сиздирилган базаларидаги маълумотлар жамланган махсус пулли ботлар мавжуд. Телефон рақами, электрон почта ёки ижтимоий тармоқдаги ҳаволани билган ҳолда IP-манзил, яшаш манзили, баъзан эса паспорт маълумотларини топиш мумкин.
Ижтимоий муҳандислик хавфини истисно қилиш ва маълумотларингизни ҳимоя қилишингизда қуйидаги қадамлар ёрдам бериши мумкин:
- Профилдаги маълумотларни чеклаш ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни бегоналар учун ёпиш.
- Эски саҳифаларга кириш ҳуқуқини тиклаш ва кейинчалик уларни ўчириб ташлашга ҳаракат қилиш.
- Иш қидириш сайтларидаги резюмеларни ташқи фойдаланувчилар кўришидан яшириш.
«Рақамли из — бу потенциал заифликдир. 10 дақиқалик қидирув давомида инсон портретини шакллантириш ёки фишинг ҳужумини тайёрлаш учун етарлича маълумот тўплаш мумкин», — дея хулоса қилди Ульянкина.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter