Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

IT-Park экотизимида давлат тили ва рақамли маданият

IT-Park экотизимида давлат тили ва рақамли маданият

Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги энг бой ва қадимий тиллардан биридир.

Тарих саҳифаларини варақласак, 1989 йил 21 октябрь санаси эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши билан муҳрланганига гувоҳ бўламиз. Бу қутлуғ қадам мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил одим эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.

Истиқлол йилларида ўзбек тили том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди. Бугун Ўзбекистонимиз «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг меъморий ва ижтимоий жиҳатдан янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда. Сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланилаётган тилимиз бугун халқаро минбарларда ҳам баралла янграмоқда.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил ва суверен давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини ва она тилини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир. Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5850-сон Фармони қабул қилинган эди.

Айнан ушбу тарихий Фармон ижросини таъминлаш билан бирга, ўзлигимизни ҳамда миллий қадриятларимизни юксак даражада қадрлаган ҳолда, бугун «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ (IT-Park) жамоасида давлат тилида иш юритиш маданиятини юксалтириш ва ходимларнинг ёзма нутқ саводхонлигини янада такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда IT-Park мамлакатимиз тараққиётининг драйвери сифатида энг шижоатли ва энг ёш жамоалардан бири ҳисобланади. Ташкилотимизнинг ҳозирги кундаги фаолияти глобал миқёсда нафақат давлатимиз, балки бутун дунё бозорларида шиддатли суръатларда ўсиб бормоқда. Ушбу кўрсаткичларнинг кунма-кун, соатма-соат юксалишига сабабчи бўлган, бир неча хорижий тилларда бемалол ва равон сўзлашиб, халқаро муносабатлар ҳамда ҳамкорлик кўприкларини мустаҳкамлаётган илғор, ғайратли ва тажрибали IT мутахассисларимизнинг меҳнатлари чин дилдан таҳсинларга сазовордир!

Қувонарлиси, тизимимизда фаолият юритаётган юксак интеллектуал салоҳиятли ёш мутахассисларимиз халқаро тилларда дунё билан эркин мулоқот қилиш билан бир қаторда, ўз она тилимизнинг бой жозибаси ва нафосатини ҳам иш фаолиятларида юксак маданият билан намоён этиб келмоқдалар. Зеро, глобал дунёни рақамли технологиялар билан забт этаётган шижоатли ёшларимизнинг ўз она тилларида профессионал, мукаммал ва бекам-кўст ижод қилишлари — IT-Park жамоасининг ўзига хос маънавий қиёфаси, миллий ғуруримизнинг рақамли оламдаги ёрқин аксидир.

Эътиборлиси, давлат тилини эъзозлаш ва унинг нуфузини ошириш фақатгина ички иш юритиш тизими билан чекланиб қолмаяпти. Шиддатли суръатлар билан ҳаётимизга кириб келаётган рақамли трансформация жараёнларида ўзбек тилининг нуфузи ва равонлигини сақлаш, уни глобал технологиялар билан ҳамқадам этиш йўлида IT-Park дирекцияси жамоаси стратегик мувофиқлаштирувчи марказ бўлиб хизмат қилмоқда. Айнан ушбу жамоанинг тинимсиз амалий ва ташкилий кўмаги остида бугун экотизимимизда 18 та илғор резидент компания самарали фаолият кўрсатмоқда. Улар ўзбек тилини рақамли дунёга мукаммал интеграция қилиш, уни сунъий интеллект ва энг замонавий технологиялар тилига айлантириш бўйича мислсиз лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқдалар. Бу эса миллий ғуруримиз бўлган она тилимизнинг глобал технологик тармоқларда яшаб қолиши, тараққий этиши ва келажак авлодга рақамли мерос бўлиб қолиши учун қўйилаётган улкан пойдевордир.

Хусусан, ушбу йўналишда IT-Park жамоаси ва фидокорона изланаётган резидентларимиз ҳамкорлигида давлат тилини рақамлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар бугун ўзининг салмоқли меваларини бермоқда. Мазкур рақамли лойиҳалар пойдеворида ўзбек тилидаги жонли нутқни беғубор тинглаб, инсонга жавоб бера оладиган ақлли овозли ёрдамчилар ва замонавий чат-ботлар экотизими, она тилимизнинг имло, грамматика ҳамда пунктуация қоидаларини онлайн режимда бенуқсон назорат қилувчи рақамли ҳимоячилар, шунингдек, тиллараро кўприк вазифасини ўтовчи профессионал автоматлаштирилган таржима тизимлари муваффақиятли ривожлантирилмоқда.

Энг қувонарлиси, ушбу ғоялар нафақат расмий мулоқотни, балки келажагимиз бўлган ёш авлод дунёқарашини ҳам қамраб олиб, болажонлар учун мўлжалланган интерактив таълим платформалари ҳамда миллий фольклоримизни тараннум этувчи мусиқий рақамли мультсериаллар орқали ёш қалбларда она тилига бўлган чексиз муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Кўп тил билиш — бу бизнинг бойлигимиз, дунёга очилган эшигимиз ва глобал бозордаги энг катта устунлигимиздир. Бироқ ўзбек тили — бу бизнинг ўзлигимиз, қалбимиз ва миллий руҳимиздир! Келажак технологияларини яратаётган шижоатли IT-Park жамоаси ва унинг резидентлари давлат тилини рақамлаштириш ва ёзма нутқ саводхонлиги бўйича ҳам барчага намуна бўлишда давом этади.

Фурсатдан фойдаланиб, барча азиз ҳамкасбларимизни ва юртдошларимизни яқинлашиб келаётган 21 октябр — Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбдан муборакбод этамиз! Тиллари дунёни, диллари ўзлигини асраган қаҳрамонларимизга зафарлар ёр бўлсин!

Азамат Караматов,
«Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ
бош директори

Жаҳонгир Раджабов,
ижрочи директор

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг