Журналистлар ўрнини роботлар эгаллайдими? Самарқанддаги “Медиа ҳафталик“да билиб оласиз!
Самарқанд азал-азалдан илм-фан ва маданият чорраҳаси бўлиб келган. Бугун эса бу кўҳна шаҳар замонавий ахборот технологиялари ва рақамли медиа марказига айланмоқда.
27 апрелдан 1 майга қадар Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети (СамДАҚУ) мезбонлик қилаётган навбатдаги «Медиа ҳафталик» шунчаки тадбир эмас, балки соҳа мутахассислари учун ҳақиқий маҳорат мактабидир.
Ушбу ҳафталик доирасида журналистлар медиа оламидаги энг сўнгги тенденциялар ва глобал чақириқлардан бохабар бўлишмоқда.
Бугунги кунда нейротармоқлар матн ёзишдан тортиб, видеоларни таҳрирлашгача бўлган жараёнларда инсон меҳнатини енгиллаштираётгани ҳеч биримизга сир эмас. Айнан шундай даврда сунъий интеллект туфайли ишидан айрилиб қолишни истамаган соҳа вакиллари замонавий технологияларни иш жараёнида қўллашни ўрганса, СИ журналистга рақиб эмас, чинакам ҳамроҳ бўла олиши алоҳида таъкидланди.
Қолаверса, медиа ҳафталик иштирокчилари ўз ишининг профессионалларидан — бир неча сония ичида визуал контент яратиш имконияти, маълумотлар таҳлили, жумладан, катта ҳажмдаги ахборотларни сониялар ичида саралаш маҳорати, медиахавфсизлик бўйича билим ва кўникмаларга эга бўладилар.
Қолаверса, ҳафталик дастуридан сунъий равишда яратилган сохта видео ва аудио материалларни ҳақиқийсидан ажратиш усуллари, ҳар бир хабарни расмий манбалар орқали қайта текшириш, ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва киберҳужумлардан сақланиш кўникмалари ўрин олган.
Тадбирнинг ўзига хослиги шундаки, у қуруқ маърузалардан иборат эмас. Самарқанддаги ушбу ҳафталик давомида малакали экспертлар реал кейслар ёрдамида ёш медиа вакиллари ва талабаларнинг соҳадаги айрим тўсиқларни қандай енгиб ўтиш ва замонавий трендларни аудитория талабига мослаштириш бўйича мастеркласлар ўтишмоқда.
Умуман олганда, республикамиз бўйлаб ташкил этилаётган бундай медиа ҳафталиклар Ўзбекистон медиа маконини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.
Медиа оламидаги ўзгаришлардан ортда қолмай десангиз, Самарқанддаги медиа ҳафталикда иштирок этиш имкониятини қўлдан бой берманг!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter