Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Машҳурлар ва солиқ можаролари: миллионлар қаерга яширилди?

Машҳурлар ва солиқ можаролари:  миллионлар қаерга яширилди?

фото: интернет, очиқ манба

Болливудда битта фильм учун миллионлаб рупия олиш оддий ҳол. Реклама шартномалари, продюсерлик, хориждаги тадбирлар, брендлар билан келишувлар... Машҳур юлдузнинг бир йиллик даромади оддий инсон умри давомида топадиган пулдан ҳам ошиб кетиши мумкин. Аммо миллионлар кўпайган сари уларга қизиқувчилар ҳам кўпаяди. Баъзан бу – мухлислар, баъзида эса – солиқчилар...

Ҳиндистонда бир қатор машҳур актёр ва актрисаларнинг уйи, офиси ва компанияларида солиқ идоралари тинтув ўтказган. Айрим ҳолатларда расмий идоралар катта миқдорда ҳисобга олинмаган даромад ёки солиқдан қочиш аломатлари аниқланганини маълум қилган. Бу борада бир нарсани аниқлаштириб олиш керак: солиқ текширувига тушиш ёки уйида тинтув ўтказилиши автоматик равишда, инсон солиқдан қочгани исботланди, дегани эмас. Айрим юлдузлар айбловларни рад этган, баъзи ишлар эса кейинчалик бошқача тус олган.

Аввал «крор» нима эканини билиб олайлик. Ҳиндистонда жуда катта пул миқдори одатда «крор» билан ифодаланади. 1 крор – 10 миллион рупия. Ҳозирги курсга яқин ҳисобда 1 крор рупия тахминан 106 минг АҚШ доллари атрофида бўлади. 100 крор – $10,6 миллион, дегани.

Пандемия даврида миллионлаб ҳиндлар актёр Сону Судга қаҳрамондек қараган эди. У коронавирус даврида уйига қайтишга қийналаётган ишчиларга ёрдам бериб, жуда катта шуҳрат қозонди. Аммо 2021 йилда актёрнинг номи мутлақо бошқа сабаб билан сарлавҳаларга чиқди.

Солиқ департаменти Сону Суднинг Мумбайдаги уйи ва у билан боғлиқ бошқа объектларда тинтув ўтказди. Операциядан кейин Ҳиндистон Марказий билвосита солиқлар кенгаши Сону Суд ва у билан боғлиқ шахслар 20 крор рупиядан – яъни тахминан 2,1 миллион доллардан ортиқ солиқдан қочилгани ҳақида даъво қилди. Расмий маълумотда айрим профессионал тушумлар қарз сифатида ниқоблангани айтилган.

Бир томонда одамларга ёрдам бераётган машҳур актёр, иккинчи томонда эса солиқчиларнинг «20 крорлик яширилган маблағ» ҳақидаги даъвоси. Сону Суд эса ўз баёнотларида айбловларга қарши позиция билдирди.

2021 йилда Тапси Панну номи ҳам солиқчилар билан боғлиқ шов-шувли воқеага аралашди. Унинг уйи ва кинорежиссёр Ануруғ Кашьяп билан боғлиқ объектларда тинтув ўтказилди. Текширув Phantom Films компаниясига алоқадор солиқ ишлари доирасида олиб борилган. Солиқ идоралари 5 крор рупия, яъни тахминан 530 минг долларлик тўлов билан боғлиқ ҳужжатлар ҳақида маълумот берди. Лекин Тапси Паннунинг ўзи бу хабарларга жавоб қайтариб, гўё унда 5 крор рупиялик тўлов квитанцияси борлиги ҳақидаги хабарларга шубҳа билдирган. У солиқчилар саволларига жавоб бергани ва агар ҳақиқатан қонунбузарлик қилган бўлса, жазони қабул қилишини айтган. Аммо воқеанинг юридик томонини ҳам унутмаслик керак: тинтув – ҳали суд ҳукми эмас.

Тапси Панну билан бир вақтда режиссёр Ануруғ Кашьяпнинг объектлари ҳам текширилди. Бу ерда гап оддий актёрлик гонорари ҳақида эмасди. Кино ишлаб чиқаришда миллионлар продюсерлик компаниялари, шерикликлар, кино ҳуқуқлари ва турли молиявий операциялар орқали ҳаракат қилади. Солиқ идоралари Phantom Films билан боғлиқ текширувда катта миқдордаги молиявий номутаносибликлар ҳақида хабар берган. Айрим хабарларда 300 крор рупиялик (тахминан 31,8 миллион доллар) даромад билан боғлиқ масалалар тилга олинган. Кейинчалик айрим оммавий ахборот воситалари текширув доирасида умумий 650 крор рупиялик (тахминан 69 миллион долларлик) даромад тафовутлари аниқлангани ҳақида хабар тарқатди.

2011 йилда Болливуднинг энг машҳур актрисаларидан бири Приянка Чопранинг уйи ва офисларида ҳам солиқ департаменти тинтув ўтказди. Солиқчилар молиявий ҳужжатларни текширди. Орадан кўп ўтмай расмийлар актрисага тегишли 6 крор рупиялик ҳисобга олинмаган активлар аниқланганини маълум қилди. Бу – ўша курсларда ҳам улкан сумма эди, бугунги яқин курс билан ҳисоблаганда тахминан 635 минг доллар атрофида.

Ҳиндистон солиқ идораси вакиллари активлар турли шаклда бўлгани ва текширув давом этаётганини билдирган. Энг қизиқ жиҳати эса шундаки, бу воқеа Приянканинг карьераси энди халқаро даражага кўтарилаётган даврда содир бўлган.

Ўша 2011 йилда Катрин Каиф ҳам солиқчилар эътиборидан четда қолмади.
Унинг уйи ва офисларида тинтув ўтказилиб, молиявий операцияларга оид ҳужжатлар олиб кетилган. Аммо Катринани ҳам шунчаки «солиқдан қочган» деб аташга асос йўқ. Унинг ҳолатида асосий воқеа – солиқ текшируви ва тинтув бўлган. Бунинг ўзи айбдорлик ҳукми эмас.

2020 йил январь. Эрталаб соат тахминан 7:30. Карнатакадаги Вираҗпетда Рашмика Манданнанинг уйига солиқ департаменти ходимлари келди. Ўша пайтда актрисанинг ўзи уйда эмас эди. Текширувда 25 лакх рупия нақд пул, яъни тахминан 26,5 минг доллар, ҳужжатлар ва 3,94 крор рупиялик – тахминан 417 минг долларлик – ҳисобга олинмаган активлар ҳақида хабарлар тарқалди.

Айрим манбаларда 1,5 крор рупия – тахминан 159 минг долларлик солиқ тўланмагани ҳақида ҳам маълумот келтирилган.  Лекин Рашмиканинг кейинги фаолиятида қизиқ бурилиш юз берди.  2026 йилда у ўзининг Кодағу ҳудудидаги юқори солиқ тўловчилардан бири сифатида тилга олинди. Демак, солиқ тарихи ҳамиша бир хил қолавермайди.

Жанубий Ҳиндистон киноси юлдузи Вижай ҳам солиқ текширувларидан четда қолмаган. 2020 йилда унинг уйи тинтув қилинди. Бу иш актёрнинг мол-мулкка инвестициялари ва фильмлардан олган даромадлари билан боғлиқ эди. Аммо энг қизиқ жиҳати кейин маълум бўлди: солиқ департаменти кейинчалик тинтувда жиддий қонунбузарлик аниқланмагани ва Вижай тегишли солиқларни тўлаганини билдирган.

Болливуддаги солиқ можаролари ҳақида гапирар эканмиз, яна бир томонни ҳам кўриш керак. Ҳиндистонда баъзи кино юлдузлари аксинча энг катта солиқ тўловчилар қаторида туради. Масалан, Шоҳрух Хон ҳақидаги хабарларда у бир йилда 92 крор рупия, яъни тахминан 9,7 миллион доллар солиқ тўлагани айтилган. Унинг йиллик даромади қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Болливудда камералар ўчади. Кино тугайди. Аммо солиқ ҳисоботи ҳеч қачон “титрлар” билан тугамайди.

А.Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг