Менингит билан боғлиқ вазият барқарор, аммо эҳтиёт чоралари муҳим – Санэпидқўмита
Сўнгги кунларда аҳоли орасида менингококк инфекцияси (менингит) билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан мурожаатлар кўпайгани кузатилмоқда. Шу муносабат билан Санитария-эпидемиологик қўмита вазият юзасидан расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, менингококк инфекцияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам мавсумий хусусиятга эга. Касалланиш ҳолатлари, одатда, куз ва баҳор ойларида, айниқса феврал-март даврида кўпроқ қайд этилади.
Санэпидқўмита маълумотига кўра, эпидемиологик вазият устидан доимий назорат ўрнатилган. Барқарорликни таъминлаш мақсадида профилактик ва санитария тадбирлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Жумладан, беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар тўлиқ эмлаш билан қамраб олинган бўлиб, улар орасида касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Тиббий қарши кўрсатмаси бўлган шахслар эса шифокорлар назоратида кимёвий профилактика тадбирлари билан таъминланмоқда.
Мутахассислар касалликнинг асосий белгиларига эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидламоқда. Улар орасида юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи, бўйин қотиши, кўнгил айниши ёки қусиш, ёруғликка сезгирлик, холсизлик ва айрим ҳолларда танада тошма пайдо бўлиши бор. Болаларда эса тинмай йиғлаш, овқат емаcлик, ортиқча уйқучанлик ёки безовталик кузатилиши мумкин.
Шу каби аломатлар кузатилган тақдирда, фуқароларга оилавий шифокорлик пунктлари, поликлиникалар ёки юқумли касалликлар шифохоналарига зудлик билан мурожаат қилиш тавсия этилади.
Касалликнинг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, жамоат жойларида эҳтиёт чораларини кўриш, ихтиёрий эмланишдан ўтиш муҳим. Шунингдек, ҳаж ва умра сафарига чиқишдан олдин эмланиш ва сафардан қайтгач оммавий тадбирларда иштирокни вақтинча чеклаш тавсия этилади.
Айни пайтда республика бўйлаб барча ҳудудларда вакцинация марказлари фаолият юритмоқда ва аҳолини менингококк инфекциясига қарши эмлаш учун етарли захиралар яратилган (ихтиёрий эмлаш пунктлари билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин)
Мутахассислар аҳолини ортиқча хавотирга тушмасликка, вазият барқарорлигини инобатга олган ҳолда фақат ишончли ва расмий манбаларга таянишга чақирмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter