«MICE» тадбирлари ташкилотчиларига ҚҚСнинг ярми қайтарилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан ишбилармонлик туризмини ривожлантириш бўйича янги қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилди. Унга кўра, «MICE» туризми тадбирларини ташкил этувчи тадбиркорларга республика бюджетига ҳақиқатда тўланган қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи қайтарилади.
Имтиёз халқаро конференциялар, форумлар, кўргазмалар, бизнес учрашувлари, рағбатлантирувчи сафарлар ҳамда бошқа «MICE» тадбирларини ташкил этувчиларга татбиқ этилади. Бунда тадбир Ўзбекистон ҳудудида ўтказилган бўлиши, камида 100 нафар хорижий иштирокчи қатнашиши, ташкилотчи амалдаги лицензияга эга бўлиши ва низомда белгиланган талабларни тўлиқ бажариши шарт.
ҚҚСни қайтариш учун тадбир якунланганидан сўнг уч ой ичида Туризм қўмитасига Миллий туризм ягона платформаси орқали мурожаат қилинади. Қўмита ҳужжатларни кўриб чиқиб, электрон хулоса тайёрлайди.
Шундан кейин ҚҚС ҳисоботи топширилгач, яна уч ой ичида «Soliq» мобил иловаси ёки «my.soliq.uz» портали орқали ҚҚСни қайтариш бўйича ариза юборилади.
Жараён Солиқ қўмитасининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади. Маълумотлар давлат ахборот тизимлари билан интеграция асосида текширилади ва ижобий қарор қабул қилинганда маблағ тадбиркорнинг банк ҳисобварағига ўтказилади.
Қайтариладиган маблағ икки кўрсаткичнинг энг кам қиймати асосида ҳисобланади. Булар — бюджетга ҳақиқатда тўланган ҚҚСнинг 50 фоизи ҳамда «MICE» тадбирини ташкил этиш билан бевосита боғлиқ харажатлар бўйича ҳисобга олинган ҚҚСнинг 50 фоизидир.
«MICE» тадбирлари — бу ишбилармонлик туризмининг муҳим йўналиши бўлиб, учрашувлар (Meetings), рағбатлантирувчи сафарлар (Incentives), конференциялар (Conferences) ва кўргазмаларни (Exhibitions) ўз ичига олади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter