«Ногиронлик — 300 доллар»? Актёр мурожаатидан сўнг масъулларга чора кўрилди
Сергели туманида истиқомат қилувчи театр ва кино актёри Мусулмон Юнусовнинг фарзандига қайта ногиронлик белгилаш жараёнида коррупциявий ҳолатга дуч келгани ҳақидаги видеомурожаати жамоатчилик эътиборини тортган эди. Актёр Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага йўллаган мурожаатида поликлиника ҳамшираси орқали 300 доллар пора талаб қилинганини айтган. Ушбу мурожаатдан сўнг тегишли идоралар масалани ўрганиб чиқиб, расмий изоҳ берди.
Актёрнинг сўзларига кўра, оила икки йиллик муддат тугагач, қизига қайта ногиронлик экспертизасидан ўтиш учун ҳужжат тўплаган. Расмий маълумотга кўра, ариза 2026 йил 18 май куни 71-сон оилавий поликлиника томонидан қабул қилиниб, 21 май куни Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиясига электрон йўлланма юборилган.
127-сонли Сергели туманлараро ТИЭК томонидан 5 июн куни кўрик ўтказилиб, болага 18 ёшгача ногиронлиги бўлган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож бола сифатида хулоса шакллантирилган. Яъни, актёрнинг оиласи талаб қилган натижа дастлаб берилган эди.
Расмий маълумотларга кўра, мазкур хулоса тасодифий электрон қайта текширувга тушиб қолган ва Самарқанд вилояти ТИЭК эксперти томонидан ҳужжатлар асосида қайта кўриб чиқилган. Натижада боланинг «парваришга муҳтожлик» қисми хулосадан олиб ташланган ва фақат «18 ёшгача ногиронлиги бўлган бола» сифатидаги хулоса қолдирилган. Худди шу ўзгариш, яъни онанинг қаровчи сифатида бириктирилмагани, актёрнинг видеомурожаатида норозилик билдирилган асосий нуқта бўлган.
Расмий тан олинишича, ушбу тасодифий қайта текширув натижаси 127-сон Сергели туманлараро ТИЭК томонидан тўлиқ ўрганилмаган. Яъни, маҳаллий комиссия ўзгартирилган хулосани етарлича назорат қилмаган. Мурожаатдан сўнг Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилган.
2026 йил 3 сентябр куни бола қайта кўрикдан ўтказилиб, тиббий ҳужжатлари ва объектив ҳолати қайта баҳоланган. Натижада дастлабки хулоса тикланган: болага 18 ёшгача ногиронлиги бўлган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож бола сифатида якуний хулоса берилган. Актёрнинг видеомурожаатида кўрсатилган, поликлиника шифокори томонидан 300 доллар талаб қилингани ҳолати бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳозирда текширув олиб борилмоқда. Бу борада ҳозирча якуний хулоса эълон қилинмаган.
Расмий маълумотга кўра, юзага келган ҳолат бўйича Сергели туманлараро ТИЭК ва «Инсон» маркази масъул раҳбар ва ходимларига нисбатан ишдан бўшатишгача бўлган қатъий чоралар кўрилган. Шунингдек, идора хулосадан норози бўлган фуқароларнинг ҳуқуқий имкониятларини ҳам эслатиб ўтган. Чиқарилган хулосадан норози бўлган шахс 1 ой ичида вилоят ёки шаҳар ТИЭКларига, 5 кун ичида эса Республика ТИЭКга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Шунга ўхшаш ҳолатлар, жумладан, хулосаларнинг сабабсиз ўзгартирилиши ёки назоратсиз қолдирилиши каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг DMED тизими билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ногиронлик белгилаш электрон тизимини интеграция қилиш белгиланган. Бу жараённи 2026 йил якунигача амалга ошириш режалаштирилган. Мақсад ортиқча қоғозбозликни ва инсон омили таъсирида хулосаларнинг ноўрин ўзгартирилишини бартараф этишдан иборат.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter