Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Оила: Биргаликдаги ёлғизлик...  

Оила: Биргаликдаги ёлғизлик...  

Фото: сунъий интеллект

Уй ичи жим-жит. Меҳмонхонада ота ўтирибди, қўлида телефон, бармоқлари тинимсиз экран юзида сирғалади, “Shorts” ва “Reels”нинг чексиз олами уни ром қилган. У ерда кимлардир рақсга тушади, кимдир ҳазил қилади, яна кимдир бақиради. Ота шу ерда, оилада, лекин аслида у йўқдек.
Рўпарадаги диванда онанинг нигоҳи телевизорга қадалган, у экрандаги аёлнинг тақдири учун куймоқда. У сериалдаги бегона аёлнинг ичидаги ғам-ғуссасини ўз жигарининг дардидан кўра яхшироқ билади.
Фарзандлардан бири ўз бурчагида - виртуал ўйинлар ичига шўнғиган, энг кичкина миттивой эса планшетни бемалол “бошқариб”, мультфильмдан мультфильмга “сакрамоқда”...

Ташқаридан қараганда идеал оила, лекин мазмунан тўртта алоҳида оролча. Бу замонамиз оилалар ҳақидаги энг маҳзун ташхис: биргаликдаги ёлғизлик.

Гапи тугаб қолган эр-хотинлар...

Аёллар гуруҳларидаги баъзан аноним аёллар ёзиб қолади: “Турмуш ўртоғим билан фақат рўзғор ва болалар ҳақида суҳбатлашамиз, холос, бошқа гапимиз йўқ”. Кўпчилик аёллар изоҳларда “бизда ҳам шу аҳвол” дейди, лекин баъзида “мен турмуш ўртоғим билан соатлаб гаплашсам ҳам гапимиз тугамайди, ҳамма нарса биз учун мавзу”, деганлар ҳам учраб туради. Гап бир бири билан соатлаб гаплашса ҳам зерикмайдиганлар ҳақида эмас, гап оилада бирга яшаётган ёлғизлар ҳақида. Бир ёстиққа бош қўйган, бир дастурхонда овқатланадиган, лекин қалбан, руҳан бир-бирига бегоналар ҳақида. Тадқиқотчилар бу ҳолатни шунчаки замона зайли деб эмас, балки руҳият учун хавфли жараён деб баҳолашмоқда.

Буюк Британиянинг Кент университети мутахассислари “Фаббинг” (“Phubbing” — (суҳбатдошни телефонга қараб менсимаслик) ва оилавий бахт ўртасидаги боғлиқликни ўрганишди. Тадқиқотларга кўра, қайси оилада фаббинг, яъни суҳбатдоши қолиб телефонга тикилиш одати кучли бўлса, ўша ерда депрессия ва ички низолар даражаси юқори бўлади. Фаббинг бу шеригингизга “сен мен учун экрандаги мазмунсиз расмлардан кўра аҳамиятсизсан”, деган оғриқли сигнални юборишдир. Бу сигнал йиллар давомида тўпланиб, охири оилавий ёлғизликни келтириб чиқаради.
Ҳатто стол устида шунчаки ётган смартфон ҳам одамлар ўртасидаги ишонч ва меҳр даражасини 30 фоизгача пасайтирар экан. Бу илм-фанда “рақамли совуқлик” деб аталади. Телефоннинг борлиги инсон миясида “ҳозир мени чалғитишади” деган сигнални уйғотади. Натижада, эр ёки хотин ёнидаги яқинига эмас, экрандан келадиган навбатдаги хабарга эмоционал шай бўлиб ўтиради.
Инсоният тарихидаги энг давомли оилалар ҳақидаги (85 йилдан ортиқ вақт мобайнида ўтказилган) Гарвард тадқиқоти шуни исботладики, инсонни бахтли ва соғлом қиладиган нарса пул, шон-шуҳрат ёки ижтимоий мавқе эмас, балки яқин муносабатларнинг сифатидир. Яъни оилали бўла туриб ўзини ёлғиз ҳис қилиш, чин ёлғизликдан кўра ижтимоий ва руҳий жиҳатдан хавфлироқ экан. Оиладаги “биргаликдаги ёлғизлик” юрак-қон томир касалликлари ва руҳий толиқишнинг асосий сабабчиларидан бирига айланмоқда экан.

Тадқиқот раҳбари Роберт Уолдингер шундай дейди: “Ёлғизлик ўлдиради. Ижтимоий алоқалар биз учун фойдали, ёлғизлик эса заҳарлидир. Бир уйда яшаб, доимий низода ёки совуқ муносабатда бўлиш, ажрашиб кетишдан кўра саломатлик учун зарарлироқдир. Ёлғизликнинг энг оғир шакли, бу одамлар йўқлиги эмас, балки “сизни эшитишни хоҳламайдиган одамлар даврасида қолишдир”.
Яна бир гуруҳ оилавий психологларнинг таъкидлашича, кўп оилаларда мулоқот фақат функционал даражага тушиб қолган: “Нон олдингизми?”, “Бугун болани боғчадан ким олади?”, “Светга ёки газга пул тўлаш керак”, бўлди, эр-хотиннинг гаплашадиган бошқа бирор бир мавзуси йўқ. Яъни кўпгина оилаларда эр-хотин бир-бирига жуфтлик, инсон сифатида эмас, функция сифатида қарашга ўтиб қолишган. Масалан, хотин ошпаз, уй тозаловчи, эр пул топувчи, бола баҳо олиб келувчи, айтилган топшириқларни бажарувчи. Уларнинг ичида нима бўлаётгани, нима қийнаётгани, нимадан қўрқаётгани, нимани орзу қилаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

 

“Мукаммал нотанишлар” фильмидан кадр

Италиялик режиссёр Паоло Женовезенинг “Мукаммал нотанишлар” фильмида айтилганидек: “Бизнинг ҳаётимиз смартфонларга шунчалик боғланганки, улар бизнинг энг яқин сирдошимизга айланиб бўлган, ёнимиздаги инсон эса шунчаки қўшни.

Бу телефонлар ҳаётимизнинг қора қутиси бўлиб қолди. Агар бир-биримизнинг телефонларимизга қараганимизда эди, қанча жуфтликлар ажрашиб кетган бўларди?”

Бу оилада болалар ўзини қандай ҳис қилади?

Массачусетс Технология институти профессори Шерри Тёркл ўзининг “Биргаликдаги ёлғизлик” (Alone Together) китобида замонавий болаларни “рақамли етимлар” деб атайди.

У бундай оилаларни бир жойда тўпланган, лекин ҳар бири ўз дунёсига қамалган атомларга ўхшатади: “Бу болаларнинг ота-онаси бор, лекин уларнинг нигоҳи доимо экранда. Ота-онаси экранга боғланиб қолган оилаларда ўсаётган болалар “суҳбат санъати”ни йўқотишмоқда. Бола уйда гапиришни эмас, жим ўтиришни ўрганяпти. Чунки у гапирса, отаси ёки онаси телефонидан бош кўтармай ҳа, ҳа, деб қўя қолади. Биз оилавий ёлғизликни шунчаки замон шунақа, деб оқлаймиз. Лекин болаликда ота-онасининг меҳрини эмас, балки уларнинг телефонга тикилган нигоҳини кўриб ўсган болаларда келажакда мулоқот қилиш ва ҳис-туйғуларини ифодалашда жиддий тўсиқлар пайдо бўлади. Натижада, бола ҳам ўз оламининг ичига кириб кетади.”  

Унинг тадқиқотлари шуни кўрсатади: ота-онаси смартфонга боғланиб қолган болалар ўзларини иккинчи даражали меҳмондек ҳис қила бошлайдилар. Болалар ота-онасининг кўзига қараб гапириш учун уларнинг телефондан бошини кўтаришини соатлаб кутишга, уларнинг диққатини тортиш учун смартфон билан рақобатлашишга мажбур. Бу рақобатда бола ютқазган сайин, унинг ичида “мен қизиқ эмасман, мен керак эмасман”, деган улкан ёлғизлик ҳисси илдиз отади.

Статистика шуни кўрсатади: замонавий оила аъзолари сутка давомида бир-бирлари билан юзма-юз, кўзга қараб атиги 15-20 дақиқа суҳбатлашар экан. Қолган вақт экранларга, маиший юмушларга ёки сукунатга сарфланади.
Айтилишича, инсон мияси экрандан келаётган тезкор дофаминга ўрганиб қолганидан ёнидаги яқинининг оддий, баъзан эса муаммоли гаплари унга зерикарли туюла бошлайди.

Ҳа, оилавий ёлғизлик секин таъсир қилувчи заҳар. У бир кунда оилани бузмайди, лекин йиллар давомида меҳр ришталарини заифлаштиради ва охир-оқибат одамларни фақат умумий кредит, ипотека ёки фарзандлар олдидаги мажбуриятгина бирлаштириб туради. Қалблар эса аллақачон алоҳида манзилларда яшайди. Икки инсон битта қайиқда бўлиши мумкин, лекин ҳар бири бошқа-бошқа йўналишга эшкак эшаётган бўлса, бу қайиқ манзилга етиб бормайди.

Ҳаммаси шундан бошланади: аввал гаплар камаяди, кейин нигоҳлар тўқнашишдан қочади. Ва ниҳоят, уй ичи жимжит. Лекин бу тинчлик, хотиржамлик, роҳат-фароғат белгиси эмас.

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг