Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энди фуқаронинг Озарбайжондаги иш стажи Ўзбекистонда пенсия тайинлашда ҳисобга олиниши мумкин

Энди фуқаронинг Озарбайжондаги иш стажи Ўзбекистонда пенсия тайинлашда ҳисобга олиниши мумкин

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида пенсия таъминоти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланди. Ҳужжат икки давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган.

Битимга кўра, фуқароларнинг Ўзбекистон ва Озарбайжонда орттирган иш стажи пенсия ҳуқуқини аниқлашда ҳисобга олинади. Агар бир давлатдаги иш стажи пенсия олиш ҳуқуқини юзага келтириш учун етарли бўлмаса, иккинчи давлатда орттирилган тегишли стаж ҳам инобатга олиниши мумкин.

Бунда ҳар бир давлат пенсия миқдорини ўз ҳудудида орттирилган иш стажига мувофиқ белгилайди ва ўз қонунчилиги асосида тўловларни амалга оширади.

Шунингдек, пенсия тайинлаш, қайта ҳисоблаш, тўлаш ёки қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ мурожаатларни томонлардан бирининг тегишли муассасасига бериш имконияти яратилади. Зарур ҳолларда мурожаат иккинчи давлатга ҳам берилган деб ҳисобланади, маълумот ва ҳужжатлар эса икки давлатнинг ваколатли муассасалари ўртасида алмашилади.

Битим доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг пенсия соҳасидаги ваколатли органлари ўртасида тўғридан-тўғри ахборот алмашинуви ва амалий ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу фуқаролар учун маъмурий жараёнларни соддалаштириш ва пенсия масалаларини тезкор ҳал этишга хизмат қилади.

Ҳужжат тегишли тартиб-таомиллар якунланганидан сўнг кучга киради. Битимни амалда қўллашнинг ташкилий ва техник тартиблари томонлар ўртасида тузиладиган алоҳида Маъмурий келишув асосида белгиланади.

Қайд этилишича, янги Битим икки давлатда меҳнат қилган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини давлат чегараларидан қатъи назар ҳимоя қилишга, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг