Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбек тилини ўқитиш бўйича муҳим тадбир ташкил этилди

Ўзбек тилини ўқитиш бўйича муҳим тадбир ташкил этилди

Фото: Таълимни ривожлантириш маркази

Бугунги кунда таълим тизимида ўзбек тилини давлат тили сифатида ўқитиш сифатини ошириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда таълим жараёнига замонавий ёндашувларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

​Бу борада белгиланган вазифалар ижроси доирасида жорий йилнинг 24-28 август кунлари Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Мактабгача ва мактаб таълимида ўзбек тилини сифатли ўқитиш: замонавий методика ва инновацион ёндашувлар” мавзусида республика ўқув-семинари ташкил этилди.

​Семинарга республикамизнинг барча ҳудудларидан жами 180 нафар педагог, хусусан, 120 нафар мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ҳамда умумий ўрта таълим мактабларининг 60 нафар бошланғич синф ўқитувчиси жалб этилди.

​Жорий йилнинг 24 август куни Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида республика ўқув-семинарининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

​Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов, Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари бўлинмасининг лойиҳа координатори Юлия Рисюкова ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов ва Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директор ўринбосари Ҳабибулло Носиров иштирок этди.

​Очилиш маросимида таълим рус ва қардош тилларда олиб бориладиган мактаблар ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўқитиш сифатини ошириш, давлат тилига бўлган эътиборни кучайтириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

​Тадбирда сўзга чиққан Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари бўлинмасининг лойиҳа координатори Юлия Рисюкова бугунги семинар соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, замонавий методикаларни амалиётга кенг жорий этиш ва ўзбек тилини ўқитиш сифатини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

​"Мустақиллик бизга нафақат эркин ва фаровон ҳаёт қуриш, балки миллий тилимиз, маданиятимиз ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни келгуси авлодларга етказиш имконини берди. Шу маънода, бугунги “Мактабгача ва мактаб таълимида ўзбек тилини сифатли ўқитиш: замонавий методика ва инновацион ёндашувлар” мавзусидаги семинар алоҳида аҳамиятга эга. Чунки тил - бу шунчаки мулоқот воситаси эмас. Тил - халқнинг тарихи, маънавияти ва тафаккурини ўзида мужассам этган бебаҳо қадриятдир. Фарзандларимизга ўзбек тилини сифатли ўргатиш орқали биз уларнинг нафақат саводхонлигини, балки Ватанга дахлдорлик ҳиссини, миллий қадриятларга ҳурматини ва жамият билан эркин мулоқот қилиш қобилиятини ҳам ривожлантирамиз. Бу жараёнда, айниқса, педагогнинг ўрни беқиёс. Болада тилга муҳаббат уйғотиш учун, аввало, унга эркин гапириш, фикр билдириш ва хато қилишдан қўрқмаслик имконини бериш зарур. Бугунги семинарда 180 нафар педагог иштирок этаётгани ҳам ушбу йўналишдаги ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади. Ишонаманки, бугунги семинар соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, замонавий методикаларни амалиётга кенг жорий этиш ва ўзбек тилини ўқитиш сифатини янада оширишга хизмат қилади." – деди Юлия Рисюкова.

​Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, ташкил этилаётган семинарлар, яратилаётган дастур ва методикалар педагогларнинг билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

​"Миллатнинг тараққиёти, энг аввало, унинг тилига бўлган муносабати билан белгиланади. Ўз тилини қадрлаган, унда эркин фикрлай оладиган ва ўз фикрини равон ифода эта оладиган авлод миллий қадриятларни ҳам чуқурроқ англайди. Шунинг учун болаларимизга ўзбек тилини ўргатиш масаласи фақат таълим муассасаларининг вазифаси бўлиб қолмаслиги керак. Боланинг тилга бўлган муносабати, аввало, оилада шаклланади. Ота-оналар, айниқса, оналар боланинг дастлабки нутқи, сўз бойлиги ва фикрлаш тарзининг ривожланишида катта ўрин тутади. Бола билан ўзбек тилида кўпроқ суҳбатлашиш, унинг саволларига тўлиқ ва тушунарли жавоб бериш, эртак, шеър ва ҳикоялар ўқиб бериш жуда муҳим," – деди Шерзод Каримов.

​Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов машғулотларда эгалланган билимлар амалиётга татбиқ этилса, улар ўз самарасини беради. Олинган тажрибалар таълим муассасаларига, педагогларга ва энг асосийси, болаларимизга етиб бориши лозимлигини таъкидлади.

​"Бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар ниҳоятда катта. Президентимиз ташаббуси билан ёш авлодга сифатли таълим ва муносиб тарбия бериш, уларнинг билим доирасини кенгайтириш ҳамда келажакда етук инсон бўлиб шаклланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бугун педагоглар учун ҳам катта имкониятлар мавжуд. Илгари биз ўрганмаган ёки етарлича фойдаланмаган методикалар, тажрибалар ва билимларни эгаллаш имконига эга бўляпмиз. Бундай семинар ва учрашувлар орқали ўқитувчилар бир-биридан ўрганади, ўз қарашларини бойитади ва мавжуд муаммоларга биргаликда ечим излайди. Олдимизда ҳали кўплаб вазифалар ва ечимини кутаётган саволлар мавжуд. Уларни ҳал этиш учун билим, тажриба, ҳамкорлик ва масъулият талаб қилинади. Энг муҳими, амалга ошираётган ҳар бир ишимиз болаларнинг келажагига хизмат қилиши керак. Бугунги учрашув ва машғулотларда эгалланган билимлар амалиётга татбиқ этилса, улар ўз самарасини беради. Олинган тажрибалар таълим муассасаларига, педагогларга ва энг асосийси, болаларимизга етиб бориши лозим. Шундагина биз билимли, маънавий етук, ўз она тилини, миллий маданияти ва Ватанини севадиган ёш авлодни тарбиялай оламиз." – деди Шуҳрат Сирожиддинов.

​Мазкур ўқув-семинардан кўзланган асосий мақсад таълим рус ва қардош тилларда олиб бориладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари ўзбек тили фани ўқитувчилари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларининг касбий компетенцияларини ривожлантириш, уларни замонавий метод ва воситалардан самарали фойдаланишга йўналтиришдан иборат.

​Семинар давомида умумий ўрта таълим мактаблари педагоглари учун ўзбек тилини ўқитишнинг замонавий усуллари, мулоқотга йўналтирилган таълим, амалий топшириқлар асосида ўқитиш, дарсларни режалаштириш ва баҳолаш усуллари бўйича машғулотлар ташкил этилди.

​Машғулотларда педагоглар ўқув материалларини таҳлил қилиш, ўқувчиларнинг нутқий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган топшириқлар ишлаб чиқиш, амалий машқлар ва мулоқотга асосланган ёндашувлардан фойдаланиш бўйича тажриба алмашди.

​Мактабгача таълим йўналишида ташкил этилган машғулотларда эса болаларга ўзбек тилини ўргатишда ўйин технологияларидан фойдаланиш, табиий тил муҳитини яратиш, талаффуз ва луғат бойлигини ривожлантириш усулларига эътибор қаратилди.

​Семинар доирасида “Ўзбек тили” интерфаол таълим платформаси ҳам тақдим этилди. Мазкур платформа мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ва педагоглар учун ўзбек тилини ўргатиш жараёнини рақамли воситалар асосида ташкил этишга хизмат қилади.

​Платформада болаларнинг ёш хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда кичик ва ўрта гуруҳ ҳамда катта ва тайёрлов гуруҳи учун алоҳида ўқув ресурслари шакллантирилган. Унда мавзули материаллар, интерфаол ўйинлар, видео машғулотлар ва фойдаланувчи учун йўриқномалар жойлаштирилган.

​Мазкур ресурслар орқали болаларнинг луғат бойлигини ошириш, оғзаки нутқини ривожлантириш ва ўзбек тилида мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантириш имконияти яратилган. Платформада кундалик ҳаёт, оила, табиат, фасллар, ҳайвонот олами, касблар, транспорт, миллий қадриятлар, ўқув қуроллари ҳамда алифбо каби мавзулар бўйича интерфаол материаллар мавжуд.

​Шунингдек, машғулотларда рақамли технологиялар, сунъий интеллект воситалари ва замонавий ўқув ресурсларидан фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Иштирокчилар гуруҳли ишлар, амалий топшириқлар ва муҳокамалар орқали ўз методик ёндашувларини бойитди.

​Мазкур семинар таълим рус ва қардош тилларда олиб бориладиган мактаблар ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўқитиш сифатини ошириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ва давлат тилини ўқитиш самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

​Семинарни муваффақиятли тамомлаган педагогларга тегишли сертификатлар топширилади. Улар “Миллий ментор” сифатида ўз ҳудудларига қайтгач, семинар давомида эгаллаган билим ва кўникмалари ҳамда ўзлаштирган замонавий методикаларни каскад-комбинациялашган ёндашув асосида ҳудуддаги бошқа педагогларга етказиш ва амалиётга жорий этиш ишларини давом эттиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг