Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда пенсия тизими янгиланади: нималар ўзгариши айтилди

Ўзбекистонда пенсия тизими янгиланади: нималар ўзгариши айтилди

Пенсия жамғармаси директори Муродбек Отажонов Ўзбекистонда пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган асосий таклифларни маълум қилди. Унинг таъкидлашича, янгиликлар фуқароларнинг пенсия жамғармаларини кўпайтириш ва ҳисоблаш тизимини янада адолатли қилишга қаратилган.

Таклифларга кўра, иш ҳақидан ихтиёрий равишда 5 фоиз маблағ ажратадиган ходимларга давлат ушбу сумманинг яна 50 фоизини қўшиб беради. Масалан, фуқаро ўз ҳисобварағига 100 минг сўм ўтказса, давлат қўшимча 50 минг сўм қўшади. Ҳисоб-китобларга кўра, 7 миллион сўм ойлик оладиган ходим амалдаги тизимда 20 йилда тахминан 5 миллион сўм жамғарса, янги тизимда бу маблағ 126 миллион сўмга етиши мумкин.

Шунингдек, юқори маош олувчилар учун ҳам қўшимча рағбатлантириш механизми таклиф этилмоқда. 7 миллион 600 минг сўмдан юқори иш ҳақининг ортиқча қисми бўйича тўланган ижтимоий солиқнинг 1 фоизи ходимнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилиши режалаштирилган.

Яна бир муҳим таклиф – пенсия ҳисоблашдаги энг юқори иш ҳақи чегарасини ошириш. Ҳозирги тартибга кўра, пенсия ҳисоблаш учун 6 миллион сўмлик чегара қўлланилади ва шу сабабли 15 миллион сўм маош олган ходим ҳам энг кўпи 3,3 миллион сўм пенсия олади. Энди ушбу чекловни қайта кўриб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, пенсия ҳисоблаш тартиби ҳам ўзгариши мумкин. Янги таклифга биноан, пенсия охирги 10 йилнинг исталган 5 йили эмас, балки 20 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги иш ҳақи асосида ҳисобланади. Бунда ходимнинг энг паст иш ҳақи олган икки йили ҳисоб-китобдан чиқариб ташланиши назарда тутилган.

Рақамлаштириш доирасида «Менинг пенсиям» мобил иловаси ҳам ишга туширилиши режалаштирилган. У орқали фуқаролар меҳнат стажи, иш ҳақи, тўланган солиқлар ва шаклланган пенсия жамғармасини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин бўлади.

Муродбек Отажоновнинг таъкидлашича, мазкур таклифлар ҳозирча муҳокама босқичида. Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизими миллионлаб фуқаролар манфаатларига дахлдор эканини қайд этиб, барча таклифларни чуқур ўрганиш ва аҳоли билан кенг муҳокама қилиш бўйича топшириқ берган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг