Ўзбекистонда поезд ва автобус чипталарига 20 фоиз чегирма берилиши мумкин
Ўзбекистонда шаҳар атрофи поездлари, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро автобусларда электрон чипта харид қилган йўловчиларга камида 20 фоиз чегирма бериш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Президентнинг маҳаллий йўловчи ташиш тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори лойиҳасида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, чегирмаларни 2027 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабрга қадар қўллаш таклиф этилган.
Мазкур имтиёз электрон тўлов ва чипта тизимларидан фойдаланишни рағбатлантириш, йўловчи ташиш ҳисобини шаффофлаштириш ҳамда яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган.
Шунингдек, 2030 йил 1 январдан шаҳар атрофи поездлари, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро автобусларда йўл ҳақини нақд пулда тўлашдан тўлиқ воз кечиш таклиф қилинмоқда. Бунда тўловлар фақат нақд пулсиз шаклда амалга оширилади.
Лойиҳада узоқ масофага қатновчи поездларга электрон чипта олган йўловчилар учун ҳам қўшимча қулайлик назарда тутилган. Хусусан, уларга поезд жўнашидан олдин ва манзилга етиб келганидан кейин 12 соат давомида тегишли ҳудуддаги шаҳар атрофи поездларидан бепул фойдаланиш имкониятини яратиш режалаштирилган.
Мазкур тартибни 2027 йил 1 сентябрга қадар ишлаб чиқиш ва жорий этиш таклиф этилмоқда.
Қайд этиш керак, бу қоидалар ҳозирча Президент қарори лойиҳасида акс этган бўлиб, якуний қарор қабул қилинмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter