Пентагон раҳбари президентлик сайловида қатнашиш нияти йўқлигини айтди
АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет NBC News телеканалининг 2028 йилги президентлик сайловида қатнашиш эҳтимоли ҳақидаги хабарини инкор қилди.
«Бу 100 фоиз ёлғон. Биз бу ҳақда NBC'га айтдик, аммо улар аноним “манбалар”га таяниб ёлғон тарқатишда давом этмоқда», – деб ёзди Хегсет X ижтимоий тармоғида.
У ўзининг асосий ва ягона вазифаси Пентагонга раҳбарлик қилиш эканини таъкидлади.
Бундан аввал NBC News икки манбага таяниб, Хегсет сўнгги ойларда яқин дўстлари ва танишлари билан 2028 йилги президентлик сайловида номзодини илгари суриш имкониятини муҳокама қилгани ҳақида хабар берган эди. Телеканалга кўра, бу масала унинг рафиқаси Женнифер томонидан ҳам муҳокама қилинган.
Пентагон эса мақола эълон қилинишидан олдин ҳам мазкур маълумотларни рад этган. Вазирлик Хегсет президентликка номзодини қўйишни режалаштирмаётгани ва унинг устувор вазифаси мудофаа идорасига раҳбарлик қилиш эканини билдирган.
Хегсетнинг август ойида Айова штатига сафари ҳам унинг сиёсий режалари ҳақидаги тахминларни кучайтирган. У ерда у республикачи конгрессмен Зак Нанни қўллаб-қувватлаш тадбирларида иштирок этган. Айова анъанавий равишда АҚШ президентлик кампаниясида муҳим штатлардан бири ҳисобланади.
2028 йилги сайловда Республикачилар партиясидан эҳтимолий номзодлар сифатида вице-президент Жей Ди Вэнс ва давлат котиби Марко Рубио ҳам тилга олинмоқда.
Дональд Трамп аввалроқ Вэнс ва Рубиони «орзудаги жамоа» сифатида таърифлаган. АҚШ ОАВлари маълумотларига кўра, кейинчалик Трамп Вэнсни ўзининг эҳтимолий сиёсий вориси сифатида кўра бошлаган.
Ҳозирча на Вэнс, на Рубио 2028 йилги президентлик сайловида қатнашишини расман эълон қилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter