Президент ҳудудларнинг бизнес ихтисослигини белгилаб берди
Президент Шавкат Мирзиёев мулоқот якунида иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқиш бўйича асосий мақсадларни белгилаб берди. Давлат раҳбари юқори иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш аҳоли ҳаётини янада яхшилаш учун муҳим эканини таъкидлади.
— Биз 40 миллионли халқмиз. Одамларимиз ҳаётини янада яхшилаш учун юқори иқтисодий ўсишни сақлаб қолишимиз зарур, — деди давлат раҳбари.
2026 йил ялпи ички маҳсулотни 180 миллиард доллардан, экспортни 40 миллиард доллардан ошириш мақсади қўйилган. Бунинг учун тадбиркорларга юқори даромадли иш ўринлари яратиш, қўшилган қийматни ошириш ва ташқи бозорларни кенгайтириш учун зарур шароитлар яратилади.
Тошкентда экспортга йўналтирилган бизнес асосий ўсиш нуқтаси бўлади. Андижон, Фарғона ва Наманганда тўлиқ занжирли тўқимачилик ҳамда машинасозликни ривожлантириш вазифаси белгиланди.
Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда туризм, креатив индустрия ва агросаноат брендлари янги ўсиш нуқталарига айлантирилади. Навоий ва Тошкент вилоятида тоғ-кон, металлургия ва илмий кимё соҳаларига эътибор қаратилади.
Қашқадарё ва Сурхондарёда агросаноат ҳамда нефт-газ кимёсида узун қўшилган қиймат занжирлари яратилади. Қорақалпоғистонда эса «яшил» энергетика, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект иқтисодий драйверга айланади.
Жиззах ва Сирдарёда автомобилсозлик, электротехника ва қурилиш материаллари бўйича рақобатбардош кластерлар ривожлантирилади.
— Ана шунда одамларимиз четга чиқиб ишлашига зарурат қолмайди, Янги Ўзбекистон тадбиркорлари янги ривожланиш босқичига чиқади. Ишончим комил, бунга кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади, — деди президент.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter