Самарқандда ҳокимлар Хитойга уюштирилган хизмат сафарига хотин ва болаларини жўнатган
Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Каттақўрғон туман ҳокимликлари мансабдор шахслари Хитой давлатига уюштирилган хизмат сафарига яқин қариндошлари, шунингдек, сафарга бевосита алоқадор бўлмаган ходимларни юборган.
Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Хусусан, Хитойда Марказий Осиё давлатларининг профессионал фермерлари учун ташкил этилган семинарга Қўшработ туман ҳокимининг ҳайдовчиси М.Т. ҳамда ҳокимнинг ўғли Д.Д.лар хизмат сафарига юборилган.
Бундан ташқари, Хитойда ташкил этилган «Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва қайта ишлашни ташкил этиш» бўйича махсус ўқув курсларида Қўшработ туманидаги соҳага алоқадор ҳокимлик вакиллари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари таклиф этилганлиги кўрсатилиб, 32 нафар шахсдан иборат делегация таркиби (рўйхат) тақдим этилган.
Бироқ, рўйхатни ўрганиш давомида айрим делегация вакиллари, жумладан, туман ҳокимининг турмуш ўртоғи М.Ш., ҳокимлик бошқа мансабдор шахсининг яқин қариндоши Ч.Ҳ.лар рўйхатга асоссиз равишда киритилганлиги маълум бўлди. Шунингдек, рўйхатдаги Н.Х. ва М.С.лар Қўшработ туманидаги 1-сон техникум ходимлари сифатида расмийлаштирилган бўлиб, аслида улар ушбу техникумда ишламаслиги аниқланди.
Бундан ташқари, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан хорижий хизмат сафарига тўғридан-тўғри алоқадор бўлмаган ходимларни юбориш ҳолатларига йўл қўйилган.
Масалан, Каттақўрғон туман ҳокимлиги томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва савдо шартномалари бўйича янги келишувларга эришиш мақсадида 2025 йилнинг 22-30 май кунлари Хитойга хизмат сафари ташкил этилиб, делегация таркибига сафар мақсадларига тўғридан-тўғри алоқадорлиги бўлмаган ҳокимлик ходими ҳам киритилган.
Шу каби, давлат раҳбарининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармонида мансабдор шахсларнинг хорижий хизмат сафарлари ҳақидаги ахборотлар очиқ эълон қилиниши белгиланган бўлишига қарамай, Каттақўрғон ҳамда Қўшработ туман ҳокимликлари томонидан ушбу маълумотлар асоссиз равишда яширилганлиги аниқланди.
Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Манба: t.me


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter