Шимолий Корея Трампнинг илтифотини муносиб қадрламади
АҚШ ва Шимолий Корея раҳбарлари сўнгги бор 2019 йилда учрашган.
АҚШнинг Жанубий Корея билан ҳарбий машғулотларни қисқартиргани Шимолий Корея раҳбариятининг ғазабини сўндира олмади. Пхенян ҳукумати Сеул–Вашингтон ҳарбий машғулотларини жиддий провокация деб билади. Бу эса АҚШ президенти Доналд Трамп ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг яқин муддатда учрашиши ҳақидаги хабарларни йўққа чиқаради.
«Бизнингча, бу ҳодиса (ҳарбий машғулотларнинг қисқартирилиши назарда тутилмоқда — таҳр.) бирон бир изоҳ беришга арзимайди. Бу бизни умуман қизиқтирмайди ҳам. Машғулотлар муддати ва кўлами қисқартирилган бўлса-да, унинг провокацион ва агрессив характери ғойиб бўлиб қолмайди», — дея баёнот берган Шимолий Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси мулозими, Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон.
Шимолий Кореядаги қудратли арбоблардан саналган Ким Ё Чжон акаси ва АҚШ президенти ўртасида мулоқот олиб борилаётганини ҳам рад этган. Айни чоғда, у акаси Трамп билан ҳамон яхши муносабатда эканини қистириб ўтган. Бу эса, таҳлилчилар фикрича, Пхенян Вашингтон билан муносабатда АҚШнинг ён беришига кўз тикаётганидан далолат беради.
Шимолий Корея томони АҚШ ва Жанубий Корея Ulchi Freedom Shield деб аталган 11 кунлик ҳарбий машғулотларни қисқартирганидан бир неча ўтиб баёнот берган.
Аввалроқ Трамп Ким Чен Ин билан аъло муносабатда экани ва Жанубий Корея Эронга қарши урушни дастаклашдан бош тортгани важидан ҳамкорликдаги ҳарбий машғулотлар муддати ва кўламини қисқартиришни буюрганди. Бу ҳол йиллар мобайнида мудофаа жабҳасида АҚШ шамсияси остида бўлиб келган Жанубий Корея расмийларини саросимага солиб қўйган.
Трампнинг кескин баёноти ортидан Осиё давлатлари ўз мудофааси учун харажатларни оширишга киришган.
Куни кеча Трамп журналистлар саволига жавоб қайтараркан, йил охирига қадар Шимолий Корея раҳбари билан учрашишини айтган.
Маълумот ўрнида: Ким Чен Ин ва Доналд Трамп 2018 ва 2019 йилларда уч марта учрашган. Кейинроқ Пхенян Вашингтон билан мулоқотни давом эттиришни рад этган.
2025 йил октябр ойида Трамп Осиёга сафари давомида Ким Чен Ин билан учрашиш ниятини билдирган, аммо бу истак амалга ошмаган эди.
Дунё ҳамжамияти Шимолий Кореянинг ядро дастуридан хавотир билдириб келади.
АҚШ Конгресси тадқиқот хизмати сўнгги ўнйилликда Пхенян ўз ядро дастурини шиддат билан кенгайтираётгани, бу эса Қўшма Штатлар ва Шарқий Осиёга таҳдид экани ҳақида хулоса берган.
2006 йилдан буён Шимолий Корея камида 6 марта ядро қуролини синаб кўрган.
2026 йил май ойида Шимолий Кореянинг янги конституциясига кўра Ким Чен Инга ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Ҳужжатда мамлакат “урушнинг олдини олиш” мақсадида ядро қуролини ишлаб чиқишни давом эттириши айтилган.
Июл ойида Ким Чен Ин мамлакатнинг ядро салоҳиятини сон ва сифат жиҳатдан кучайтириш бўйича топшириқ берди.
Аввалроқ Ким Чен Ин Шимолий Корея хавфсизлигига таҳдид туғилса, Жанубий Кореяни “тўлиқ йўқ қилиш”га тайёр эканини билдирганди. Пхенян АҚШдан КХДРнинг ядровий давлат сифатидаги мақомини тан олишни талаб қилгани ҳам маълум.
2025 йил охирида Пхенян ҳукумати Вашингтон томонидан жорий этилган санкцияларга нисбатан кескин жавоб қайтарган эди.
Шимолий Корея бир ҳафта аввал ҳам қўшни ҳудудлар томон баллистик ракета учирди.
Бир неча кун аввал Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён Шимолий Кореяга тинчлик музокаралари ўтказишни таклиф қилди. Пхенян ушбу таклифни ҳам рад этди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter