Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сирдарёда нарколаборатория ташкил қилган оиланинг икки аъзоси ушланди

Сирдарёда нарколаборатория ташкил қилган оиланинг икки аъзоси ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Сирдарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда нарколаборатория фош этилди.

Хусусан, Гулистон шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган шахс ва унинг 1996 йилда туғилган турмуш ўртоғи ҳозирда Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1995 йилда Фарғона вилоятида туғилган фуқаро билан келишган ҳолда, унинг хонадонида синтетик наркотик моддалар тайёрлаб, «закладка» тарзида мижозларга етказиб бериш билан шуғулланишган.

Ушбу нарколабораториядан 4 кг 373 гр «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси, электрон тарози, миксер, противогаз, зип-пакет ва қадоқлашда ишлатиладиган бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олинди.

Аниқланишича, оғуфурушлар МДҲ давлатлари бўйлаб интернет тармоғида синтетик наркотиклар сотиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ томонидан хориждан юборилган хом-ашёлардан фойдаланиб, гиёҳвандлик воситалари тайёрлашган.

Ҳозирда мазкур 3 нафар фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Чегара қўшинлари, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Учқўрғон туманида яшовчи, 1975 йилда туғилган шахс «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасининг Уйчи тумани «Янгиер» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисми орқали Қирғиз Республикасидан мамлакатимизга қонунга хилоф равишда кириб келган вақтида тўхтатиб қолинди.

Мазкур шахс текширилганида, унинг ёнида бўлган сумка ичида 9 кг 702 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 223-моддаси 1-қисми ва 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Бошқа ҳолатда эса Наманган шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига контрабанда қилинган, тахминий қиймати 3,2 млрд сўмдан ортиқ бўлган, 24122 дона «Регапен» ва 4880 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 45 турдаги жами 61287 дона контрафакт дориларни қабул қилиб олиб, кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди.

Шундан сўнг, ушбу дори воситаларини буюртма қилган шахслар ва куръерларни аниқлаш юзасидан тезкор тадбир давом эттирилди.

Натижада, Наманган шаҳри ва Косонсой туманида яшовчи 5 нафар фуқаро аниқланиб, улар хақиқатдан ҳам кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва контрафакт дориларни Тошкент шаҳри ҳамда Фарғона водийси вилоятларида сотиш билан шуғулланишлари маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг