Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сўм йил бошидан буён долларга нисбатан 7,5 фоизга мустаҳкамланди

Сўм йил бошидан буён долларга нисбатан 7,5 фоизга мустаҳкамланди

Фото: Xabar.uz

Ички валюта бозорида сўм мустаҳкамланиши давом этмоқда. Марказий банк ички валюта бозори шарҳини эълон қилди. 

2025 йилнинг январь-ноябр ойларида ички валюта бозорида муҳим тенденция кузатилди-сўм долларга нисбатан барқарорлашиб, мустаҳкамланиш фазасига ўтди. 2025 йил бошидан буён миллий валюта алмашув курси 7,5% га мустаҳкамланди. 

Жорий йилнинг 11 ойи давомида чет эл валютасига талаб ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24% га, валюта таклифи эса 26% га ўсди. Бунда, юридик шахсларнинг валютага бўлган талаб ва таклифи мос равишда 24% ва 35% га ошди. 

Мазкур тенденция, талаб билан бир қаторда, таклифнинг ўсиш суръати ҳам юқори бўлганини кўрсатиб, айнан шу омил сўмнинг барқарорлиги ва мустаҳкамланишига сабаб бўлди. 

Экспорт тушумлари (олтинсиз) 2025 йил январь-ноябр ойларида 16,0 млрд долларга етди. Шундан 8,9 млрд доллар ички валюта бозорида сотилди ва бу ички бозорга сезиларли қўшимча валюта манбаи яратди.

Жисмоний шахслар томонидан банкларга 19,4 млрд доллар сотилди (ўтган йилга қараганда 4,8 млрд долларга кўп) ва 10,6 млрд доллар харид қилинди (ўтган йилга нисбатан 25% га кўп). 

Январь–ноябр ойларида Ўзбекистонга 17,3 млрд доллар миқдорида пул ўтказмалари келиб тушди (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25% га кўп). Натижада, ички валюта бозори янада барқарорлашди. Бу жараён миллий валюта сўмнинг мустаҳкамланишига ёрдам берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг