Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Starlink қурилмасини яширинча олиб кирмоқчи бўлган фуқарога жиноят иши қўзғатилди

Starlink қурилмасини яширинча олиб кирмоқчи бўлган фуқарога жиноят иши қўзғатилди

Фото: Самарқанд вилоят божхона бошқармаси

Самарқанд вилоятида сунъий йўлдош алоқа қурилмаси — Starlink’ни ноқонуний олиб кириш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, «Жартепа» чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келаётган фуқаро бошқарувидаги «Mercedes Benz» автомашинаси текширувдан ўтказилган. Назорат жараёнида транспорт воситасининг багаж қисмида декларация қилинмаган қурилма борлиги маълум бўлган.

Аниқланишича, тахминан 6 млн сўмлик 1 дона Starlink қурилмаси тегишли рухсатномаларсиз олиб кирилган. Ҳолат юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай сунъий йўлдош алоқа қурилмаларини республика ҳудудига олиб кириш ва улардан фойдаланиш махсус рухсатномалар асосида амалга оширилади.

Самарқанд вилояти Электромагнит мослашув хизмати хулосасига кўра, мазкур қурилмани рухсатсиз олиб кириш ва ишлатиш мумкин эмаслиги яна бир бор тасдиқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг