Сунъий интеллектдан фойдаланиш энди барча учун бепул бўлади
Жанубий Корея ҳукумати сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятини аҳоли учун янада кенгайтирмоқда. «AI for All» дастури доирасида фуқароларга генератив сунъий интеллект хизматларидан бепул ва фойдаланиш лимитисиз фойдаланиш имконини берувчи миллий платформа яратилади.
Лойиҳа мамлакатдаги йирик телекоммуникация ва IT компаниялари иштирокида амалга оширилади. SK Telecom, Kakao ва KT бошчилигидаги учта консорциум янги AI хизматини ишлаб чиқиш ва жорий этишда иштирок этади.
Жанубий Корея ҳукумати 2026 йил давомида мазкур компанияларга жами 512 та NVIDIA B200 график процессорини тақдим этишни режалаштирган. Бу инфратузилма миллий AI хизматларини ишлатиш учун зарур ҳисоблаш қувватини таъминлашга қаратилган.
Янги хизмат оддий саволларга жавоб берадиган чатбот билан чекланмайди. У фуқароларга давлат хизматларидан фойдаланиш, турли имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумот олишда ёрдам берадиган AI агент сифатида ҳам ишлаши кутилмоқда.
Масалан, фуқаро ўзига тегишли давлат хизматлари ёки имтиёзлар ҳақида сўраганда, сунъий интеллект зарур маълумотни топиш ва хизматдан фойдаланиш жараёнида йўл-йўриқ кўрсатиши мумкин.
Жанубий Корея ҳукуматининг узоқ муддатли мақсади янада кенг. Келажакда ҳар бир фуқаро учун шахсий сунъий интеллект агентидан фойдаланиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда. Дастлабки AI хизматларини 2026 йил охирига қадар ишга тушириш кўзда тутилган.
Агар лойиҳа режа асосида амалга оширилса, Жанубий Корея сунъий интеллектни нафақат технология соҳаси, балки кундалик ҳаёт ва давлат хизматларининг ажралмас қисмига айлантириш бўйича йирик қадам ташлаган бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter