Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент вилоятидаги болалар заҳарланиши иши бўйича суд ҳукми ўқилди

Тошкент вилоятидаги болалар заҳарланиши иши бўйича суд ҳукми ўқилди

Бугун, 14 июл куни Жиноят ишлари бўйича Бўка туман судида 2025 йил сентябрь ойида Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Пискент ва Қуйичирчиқ туманларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг заҳарланишига оид жиноят иши бўйича очиқ суд жараёни якунланди.

Суд ҳукмига мувофиқ, 11 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган санитарияга оид қонунчилик ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш жиноятини содир этганликда айбли деб топилди.

«Shark Milk Product» МЧЖ директори, бош технологи ва технологига 3 йил 6 ойдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Корхона таъсисчилари ҳамда технолог ёрдамчисига эса 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди.

Шунингдек, маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ тўртта масъулияти чекланган жамият раҳбарлари ҳамда «Shark Milk Product» МЧЖ лаборантига 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Суд ҳукми билан барча судланувчилар муайян ҳуқуқдан ҳам маҳрум қилинди.

Тарафларга биринчи инстанция суди ҳукми устидан қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда Тошкент вилояти судининг апелляция ёки кассация инстанциясига шикоят бериш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябр ойида Тошкент вилоятидаги бир қатор давлат мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши қайд этилган эди. Расмий маълумотларга кўра, жами 1 922 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилган. Улардан 959 нафари соғлом деб топилган, 269 нафари қисқа муддатли даволанишдан кейин уйига жавоб берилган, 694 нафар бола шифохоналарда даволанган. Шулардан 13 нафарининг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг