Тошкентда 35 та бозор ва савдо мажмуаси оммавий савдога чиқарилади
Президентнинг жорий йил 26 июлдаги «Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, пойтахтдаги 35 та бозор, савдо мажмуаси ва уларнинг шохобчалари оммавий савдога чиқарилади.
Қарорга кўра, мазкур объектлар иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар учун замонавий савдо муҳитини яратиш мақсадида сотилади. Савдоларни ташкил этишда «Тошкент инвест компанияси» буюртмачи сифатида иштирок этади.
Ҳужжатда сотувга чиқариладиган йирик объектлар қаторида:
- «Наврўз» деҳқон бозори;
- «Чилонзор буюм савдо комплекси»;
- «Бек тўпи» савдо комплекси;
- «Сергели» деҳқон бозори;
- Сергели автомобиль бозори;
- «Паркент» универсал савдо комплекси;
- «Янгиобод» ихтисослашган бозори;
- «Авиасозлар» деҳқон бозори;
- «Қора-қамиш» деҳқон бозори;
- «Фарҳод» деҳқон бозори;
- «Ўрикзор» савдо комплекси;
- «Қўйлиқ» деҳқон бозори ҳамда уларга қарашли бир қатор шохобчалар бор.
Қарорда таъкидланишича, бозор ва савдо мажмуалари ўрнида замонавий экобозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари, кўнгилочар мажмуалар ҳамда кўп қаватли автотураргоҳлар барпо этиш шарти билан инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Бунинг учун ҳар бир объект бўйича алоҳида мастер-режа ишлаб чиқилади.
Шунингдек, ҳужжатда Вазирлар Маҳкамаси розилиги билан келгусида Тошкентдаги бошқа деҳқон ва буюм бозорлари ҳамда уларнинг бўш майдонлари ҳам белгиланган тартибда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилиши мумкинлиги қайд этилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter