Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда дизайн-кодни жорий этиш тартиби қайта кўриб чиқилди

Тошкентда дизайн-кодни жорий этиш тартиби қайта кўриб чиқилди

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳрида дизайн-код талабларини жорий этишга ёндашув тадбиркорлар ва жамоатчилик томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида қайта кўриб чиқилди. Бунда тадбиркорлар манфаатлари устувор йўналиш сифатида белгиланди.

Қайд этилишича, конструктив, жумладан, танқидий фикрлардан сўнг шаҳар кўчалари қиёфасидаги ўзгаришларни тушунтириш ва тадбиркорларга дизайн-код талабларини етказиш бўйича ёндашув янгиланди.

Эндиликда асосий эътибор очиқ мулоқотга, маълумотларни содда ва тушунарли тарзда етказишга ҳамда юзага келадиган масалаларни индивидуал тартибда кўриб чиқишга қаратилади.

Жорий йил 11 майдан 26 июлга қадар дизайн-кодни жорий этиш ишлари пойтахтнинг 56 та кўчасидаги 3 228 та тадбиркорлик субъектини қамраб олган.

Ўзгаришлар бевосита таъсир кўрсатган тадбиркорларнинг фикрини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда сўровнома ўтказган.

Сўровнома натижалари айрим ҳолатларда талаблар, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ва бажариладиган ишлар кетма-кетлиги тадбиркорларга ўз вақтида ва етарлича тушунарли тарзда изоҳланмаганини кўрсатган. Ушбу эътирозлар асосли деб топилиб, кейинги ишларда инобатга олинган.

Айни пайтга қадар 509 нафар тадбиркор ўз биноси фасадини янгилаган. Яна 2 627 нафар тадбиркорда бу борадаги ишлар давом этмоқда. Қолган масалалар туман ҳокимликлари ва масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда индивидуал тартибда кўриб чиқилади.

Шунингдек, «Тошкент Инвест Компани» АЖ, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти экспертлари иштирокида 18 та реклама-ишлаб чиқариш компанияси мутахассисларининг малакаси оширилган.

Таъкидланишича, дизайн-кодни жорий этишдан мақсад фақат фасадларни ягона талабларга мослаштириш эмас. Асосий вазифа — жараённи тадбиркорлар учун тушунарли ва адолатли ташкил этиш, шу билан бирга, бизнес учун асоссиз қийинчиликлар яратмаган ҳолда пойтахт қиёфасини яхшилашдан иборат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг