Тошкент марказида яна бир «яшил тўлқин» ишга туширилди
Тошкентда Амир Темур хиёбони атрофидаги 5 та светофор объекти ягона «яшил тўлқин» алгоритми асосида ишлай бошлади. Тизим йўл ҳаракатини бир маромда ташкил этиш ва светофорлар олдидаги ортиқча тўхташларни камайтиришга қаратилган.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан пиёдалар хавфсизлигини ошириш мақсадида хиёбон атрофи ва унга туташ чорраҳаларда 5 та янги светофор объекти ўрнатилган эди. Энди улар ўзаро синхронлаштирилди.
Тизим икки йўналишда ҳаракатланишни мувофиқлаштиради. Жумладан, Амир Темур ва Бухоро кўчалари кесишмасида яшил чироқда ҳаракатни бошлаган ҳайдовчи айланма чорраҳадан ўтиб, светофорларда тўхтамасдан Амир Темур кўчаси бўйлаб Олой бозори томон ҳаракатланиши мумкин.
Қарама-қарши йўналишда ҳам Темурийлар тарихи давлат музейи томонидан ҳаракатланаётган автомобиллар белгиланган шартларга риоя қилинганда айланма чорраҳадан ўтиб, Амир Темур ва Бухоро кўчалари кесишмасигача «яшил тўлқин» режимида ҳаракатланиши мумкин.
«Яшил тўлқин»да барча светофорларда яшил чироқ бир вақтда ёнмайди. Автомобилнинг бир светофордан кейинги светофорга етиб бориши учун зарур вақт ҳисобга олиниб, яшил сигналлар маълум вақт оралиғида навбатма-навбат ёқилади.
Ҳайдовчи ҳаракатни яшил сигналда бошласа, белгиланган тезлик меъёрига риоя қилса ва ҳаракатни бир маромда давом эттирса, кейинги светофорларга яшил сигнал ёниб турган вақтда етиб бориши мумкин.
Мутахассислар «яшил тўлқин» тезликни ошириш учун эмас, балки ҳаракатни бир текис ва хавфсиз ташкил этиш учун жорий этилганини таъкидламоқда.
Тизимдан самарали фойдаланиш учун ҳайдовчиларга яшил сигналда ҳаракатни бошлаш, белгиланган тезликка амал қилиш, кескин тезлашиш ва тормоз беришдан сақланиш, хавфсиз масофани сақлаш ҳамда пиёдаларга йўл бериш тавсия этилмоқда.
Айни пайтда Амир Темур хиёбонидаги айланма чорраҳадан Махтумқули кўчасигача бўлган йўналишни ҳам «яшил тўлқин» тизимига улаш алгоритми ишлаб чиқилмоқда. Бу тизим қамровини кенгайтириб, мазкур йўналишда ҳаракатланишни янада қулайлаштириши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter