Трампни ўйлантирадиган уч муҳим масала… Ҳўрмуз, Харк ва Эроннинг ядровий дастури (видео)
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган урушининг учинчи ҳафтасида Президент Трампни қарор қабул қилиши керак бўлган учта муҳим масала кутмоқда:
- Ҳўрмуз бўғози муаммоси қандай ҳал этилади?
- Эроннинг ҳаётий аҳамиятга эга Харк ороли эгалланадими?
- Эроннинг бойитилган уранини мамлакатдан чиқариш учун махсус операция амалга ошириладими?
Дунё Эрон инқирозига тўлиқ диққат қаратган. Уруш айтилганидек қисқа бўлмагани, АҚШ-Исроил ҳужумлари ва Эроннинг мос жавоблари давом этаётган бир пайтда, бу можаро яқинда тугайдими ёки қандай бурилиш содир бўлади, каби масалалар ҳаммамизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳўрмуз бўғози, яъни нефтнинг муҳим денгиз йўли — Эрон томонидан ёпилса, бутун дунёда нефт босими ошади. Бу эса Трамп Ҳўрмуз билан боғлиқ муҳим масалалар билан юзма-юз қолади, деганидир.
Трамп Ҳўрмузда «тиқилиб қолди»ми?
Кўрфазнинг нефтга бой давлатларини Ўмон денгизи билан боғлайдиган бўғоз, бу инқироздан олдин кундалик нефт ва суюлтирилган табиий газ оқимининг 20 фоизини таъминларди ва Эрон назоратида эди. Эрон бир томондан нефт танкерларига ҳужум ва таҳдидлар, бошқа томондан GPS тизимларига ҳужумлар орқали 33 км кенгликка эга бўлган сув йўлидан ўтишни чекламоқда.
Инқироз бошланганда Трамп Ҳўрмуздан чиқишда АҚШ ҳарбий кемалари танкерларни ҳимоя қилади, деб айтган ва Эрон таҳдидини жиддий қабул қилмаган эди. Бироқ нефт нархлари 100 АҚШ долларидан ошиши ва Эроннинг қаршилик кўрсатиши Доналд Трампнинг ташвишланиб, бошқа ечим излашига сабаб бўлгани аниқ.
НATO ва Хитойга таҳдид ҳақида икки оғиз сўз
Трамп «тахминан етти давлат билан» ҳарбий қўллаб-қувватлаш учун алоқа ўрнатганини айтди ва кўплаб давлатлар ёрдамга чиқишини маълум қилди. Трамп ёрдам бермайдиганларни кейин эслаб қолишини ҳам эслатди:
«Биз нефтнинг 1 фоиздан камини бу ердан оламиз. Баъзи давлатлар анча кўп олади. Япония 95 фоиз, Хитой 90 фоиз, Жанубий Корея 35 фоиз. Улар келиб, бўғозда бизга ёрдам берсин», — деди АҚШ лидери.
АҚШ етакчиси яна бир интервюсида, Ҳўрмузда қўллаб-қувватламаса, НATOнинг келажаги учун «жуда ёмон» бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Трамп Хитойга Ҳўрмуз босимини ошириш учун ой охирида режалаштирилган сафарини ҳам кечиктириши мумкинлигини айтди. Айниқса, Трамп Хитой, Франция, Япония, Жанубий Корея ва Британиядан ёрдам кутмоқда.
Трампнинг чақириғи «ҳавода қолди»
Ҳўрмуз чақириғига Трамп ўзи кутган жавобни ололмади. Британия Бош вазири Кир Стармер, «Керакли чораларни кўриб, кенг миқёсдаги урушга кирмаймиз», деди. Улар амалга ошириладиган умумий режага кириши мумкин, лекин бу фақат миналарнинг олдини олиш учун учувчисиз аппаратларни жойлаштириш билан чекланади, холос. Германия Бош вазири Фридрих Мерц «Бу уруш НATO масаласи эмаслиги аниқ эди. Биз унга қўшилмаймиз», деди. Япония ва Австралия ҳам ҳарбий кема юбориш таклифини рад қилди. Италия Бош вазир ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири Антонио Тажани ҳам «Биз урушда эмасмиз, урушга кирмоқчи эмасмиз ва кирмаймиз», дея қатъий фикрини билдирди.
Хўш, Харк эгалланадими?
Трамп маъмуриятини яна бир масала — Эроннинг нефт билан боғлиқ ишларида муҳим ҳисобланган Харк оролини эгаллаш фикри ўйлантираётган бўлса ажаб эмас. Эрон нефтининг 90 фоизи Харк оролидаги иншоотлар орқали экспорт қилинади. АҚШ расмийлари Харк АҚШ назоратига ўтса, Эроннинг муҳим нефт даромад манбаи йўқолади ва уруш узоқ давом этмайди, деб ҳисоблайди.
Айни мақсадда ўтган ҳафта жума куни Харкка қилинган ҳужумда 90 та — бошпаналар, ракета тизимлари, қурол-аслаҳалар жойлари нишонга олинган, аммо нефт иншоотларига ҳужум қилинмаган. Минтақада 50 минг ҳарбий бор ва АҚШ ҳафта охирида 5 минг қўшимча денгиз пиёдасини юборишга қарор қилгани ҳам Харкни эҳтимолий эгаллаш режаси бўлиши мумкин, деган фикрни уйғотади. Бироқ Харкни эгаллаш америкалик ҳарбийларни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан юзма-юз келишга мажбур қилади. Бу эса ҳатто Трамп тарафдорлари ҳам хоҳламайдиган жиҳат.
Эрон урани — бу борада қандай йўл тутилади?
Биласиз, АҚШ маъмурияти уруш мақсадларидан бири сифатида Эроннинг ядровий дастурини йўқ қилишни эълон қилган. Бироқ Эронда 60 фоиз бойитилган 435 кг уран борлиги маълум. Ядровий қурол учун бу кимёвий модданинг 90 фоизи бойитилиши керак.
АҚШ урушни тугатиб, ядровий модда Эронда қолса, улар қисқа муддатда ядровий қурол яратиши мумкин, деган фикрда. Ядровий модда Исфаҳон ядровий иншооти остидаги туннелларда сақланиши тахмин қилинмоқда. 2025 йил июн ойидаги 12 кунлик урушда Исфаҳон ҳамда бошқа ядровий иншоотлар катта зарар кўрган эди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, ядровий моддани Эрондан олиб чиқиш учун АҚШ тарихидаги энг катта махсус операция амалга оширилиши керак. Бу радиация тарқалиши хавфи туфайли ҳарбийлар ва атроф-муҳит учун ҳам хавфли бўлиши мумкин. Трамп эса бу борада қарор қабул қилиш фикридан йироқ эканини айтганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter